Bilim - tinchlik urug‘i
Ta’lim - tinchlik daraxti
Fan - tinchlik mevasi
 (99871) 256-43-22 |   office@uzbk.org

O'zbekistonda partiyaviy tizimni isloh qilishning konseptual tahlili

Ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асосий принципларидан энг муҳими давлат ҳокимияти органларининг умумхалқ сайловлари асосида шакллантирилиши ҳамда фуқароларнинг давлат ва жамият ишларида бевосита ёки ўзлари томонидан сайлаб қўйилган вакиллари орқали иштирок этиши ҳисобланади.

Бунда, энг аввало, жамият билан давлат ўртасида ўзига хос «кўприк» вазифасини ўтовчи ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим институтларидан бири бўлган – сиёсий партиялар асосий рол ўйнайди.

 

Ўзбекистонда партиявий тизим масаласи ҳанузгача чуқур тадқиқ қилинмаган ва шу боис унинг долзарблиги тобора ошиб бормоқда, чунки янги кенг қамровли ўзгаришлар даврида сиёсий ислоҳотлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга ҳисобланади. Мамлакатда сиёсий жараён қандай кечмоқда ва унда партиялар замонга жавоб берадиган даражада фаолият олиб бормоқдами? Партиявий тизимни қандай ислоҳ қилиш мумкин? Ушбу тақдим этилаётган қисқа таҳлилий маърузада мазкур масала танқидий кўриб чиқилган ва муҳокама учун дастлабки таклифлар киритилган.

 

Партологиянинг замонавий назариялари

 

Экспертларнинг фикрига кўра, сиёсий партия – бу сиёсий амбицияга эга бўлган шахслар томонидан тузилган ва бошқариладиган, аъзолари ўртасида юксак ишонч шаклланган ҳамда умумий мафкура асосида бирлашган тармоқдир (networks)[1]. Сиёсий партиялар энг аввало, ўз электорати манфаатларидан, сиёсий мафкураси ва позициясидан келиб чиқиб сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнларига етарлича таъсир ўтказишлари ҳамда ўзининг вакиллари орқали давлатнинг марказий ва маҳаллий ижроия органлари устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда қатнашишлари лозим. Электорал фаоллик, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларга қамраб олиниши эса ўз навбатида партия тизимидаги ижтимоий капиталнинг даражаси билан белгиланади.

 

Сиёсий партиялар соҳасида машхур тадқиқотчилардан бири Ла Паломбара, сиёсий партиялар, сиёсий тизимнинг вазифалари муайян мураккаблик даражасига етган ёки сиёсий ҳокимият аҳолининг давлат ва жамият ҳаётида иштирок этиши керак деган хулосага келган ҳамма жойда пайдо бўлади, дея таъкидлайди. Сиёсий партия халқни уюштиргани ҳолда ҳокимият ротациясида иштирок этади[2].

 

Т.Берцель, сиёсий партиялар жамиятда ижтимоий алоқаларни мустахкамлаши асносида сиёсий тармоқни шакллантиради. Сиёсий тармоқ бу – сиёсатда умумий манфаатлар асосида бирлашган ва мазкур манфаатларни илгари суриш учун ўзаро ресурслар алмашадиган акторлар йиғиндиси ҳисобланади. Бунда ижтимоий ва сиёсий кооперация умумий мақсадларга эришишнинг энг тўғри ва самарали йўли ҳисобланади,[3] дея эътироф этади. Олимнинг сўзларини тўлдирган ҳолда шуни таъкидлаш мумкинки, сиёсий кооперция механизмлари энг аввало жамоада (электоратда) умумий нормалар ва қадриятлар, мустаҳкам алоқалар тизими ҳамда ишонч омилини шаклланиши билан чамбарчас боғлиқдир. Сиёсий партияда сиёсий идеология қанчалик кучли бўлса партиянинг давлат ва жамият сиёсий ҳаётидаги позицияси ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади.

 

Сиёсий партияларнинг асосий вазифалари сифатида давлат бошқарувида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини таъминлаш; ўз электорати ҳамда бутун жамият манфаатларини илгари суриш; давлат ва жамият тараққиётига қаратилган муқобил лойиҳа (дастур)лар ишлаб чиқиш каби кўплаб функцияларни бажариб келади. Немис сиёсатшуноси Клаус фон Бейме сиёсий партияларнинг устувор функциялари сифатида қуйидагиларни эътироф этиб ўтади: ўз мақсадини аниқлаш, мафкурасини ишлаб чиқиш, ҳаракат дастури ва йўналишини белгилаш; жамоатчилик манфаатларини бирлаштириш ва илгари суриш; фуқароларни социализация ва мобилизациясини ташкиллаштириш; мамлакат бошқарув элитаси ва ҳукумат таркибини шакллантириш; ўз тарафдорлари ва аъзолари ўртасида мустаҳкам ижтимоий алоқалар, тартиб-қоидалар ва ишонч факторини ўрнатиш[4]. Айнан шунинг учун ҳам сиёсий партиялар ижтимоий тараққиётнинг турли йўллари ва стратегияларини ишлаб чиқиш орқали социумнинг интеграциялашувини таъминлаб беради.

 

Шунинг билан бирга, бугун ривожланган демократик мамлакатларда мазкур масалани «ижтимоий амортизатор» концепцияси асосида таҳлил қилиш ҳам кучайиб бормоқда[5]. Ижтимоий амортизатор бу - ўзида социомаданий ихтилофларнинг ошиши ҳақида ўзига хос сигналларни қабул қилиш ва уларни бартараф қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни қўришга қодир бўлган социомаданий институтларни қамраб олади. Демократик жамиятларда ижтимоий амортизатор институтлари сифатида – мустақил ОАВ, парламент ва албатта ўзида рақобат элементларини қамраб олган сиёсий партиялар ташкил этади. Ижтимоий амортизаторларнинг асосий вазифаси сифатида давлат ва жамиятни қийнаётган дозарб муаммоларни юмшатиш ва бугунги кун тартибига кўчиришдан иборатдир. Уларнинг фаолиятига бирдан бир баҳони эса социум беради.

 

Ижтимоий амортизаторларнинг йўқлиги (ёки суст фаолияти) жамиятда ижтимоий, сиёсий ва бошқа турдаги муаммоларнинг янада «газак отишига» олиб келиши муқаррар. Шулардан келиб чиқиб савол пайдо бўлади: бугун Ўзбекистонда сиёсий партиялар том маънодаги ижтимоий амортизатор вазифасини ўтай олаяпдими?

 

Сиёсий дискурс

 

Шу ўринда, том маънодаги кўппартиявийлик тизимини мустаҳкамланиши нафақат сиёсий партияларда, балки бутун жамиятимиз сиёсий тизимида рўй берадиган сиёсий дискурс(дискуссия, мунозара) жараёнлари билан бевосита боғлиқдир. Айнан жамиятда бугунги кун учун долзарб бўлиб турган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий муаммоларни (масалаларни) муҳокама қилишда партиялар ўртасида доимий равишда олиб бориладиган сиёсий дискурсларнинг аҳамияти катта. Сиёсий дискурс – бу энг аввало сиёсий партиялар (шу жумладан фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари) ўртасида коммуникатив мулоқотни ташкил қилиб берадиган сиёсий жараёндир[6].

 

Сиёсий мунозаралар ўз навбатида сиёсий етакчилар орқали бошқариладиган ва тегишли аудитория учун қўлланиладиган ҳамда ўзининг махсус тилига эга бўлган сиёсий воситадир. Сиёсий дискурс сайлов кампанияси даврида партиялар томонидан мамлакат ички ва ташқи сиёсатини муҳокама қилишда, жамият ва давлат ҳаётига тааллуқли муҳим масалалар юзасидан баҳс-мунозарага киришувида ҳамда ижтимоий-сиёсий жараёнларни таҳлил қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Сиёсий партияларнинг ўзаро сиёсий дискуссияга киришишида оммавий ахборот ва коммуникация воситаларининг ўрни катта. Ривожланган демократик мамлакатлар тажрибасида нафақат сайловолди кампанияси даврида, балки мунтазам равишда долзарб ижтимоий-сиёсий масалалар юзасидан теле-дебатлар, брифинг ва пресс-конференциялар ўтказиб келинади.

 

Сиёсий дискурснинг асосий мақсади – мавжуд ҳолатни оддийгина таснифлаш эмас балки, бу ўз ғоя ва фикрларига электоратни ишонтириш, ижобий имидж яратиш ва аудиторияда мотивацияни уйғотишга қаратилади. Шунинг асносида сиёсий дискуссиялар презентатив - ўз ғоя ва дастурларини тақдимот қилиш; конструктив - амалдаги ҳукуматга (ёки ҳокимиятдаги партияга) нисбатан ўз позициясини билдириши, яъни муқобил ғоя ва дастурларни илгари суриш, конфронтатив - амалдаги ҳукуматга (ёки ҳокимиятдаги партияга) нисбатан мухолифат шаклида фаолият олиб бориш каби кўринишларда намоён бўлади.

 

Жаҳон партиявий тизимлари

 

Маълумки партивий тизим демократик қадриятларнинг универсал шакли бўлсада, у ҳар бир давлатда ўзига хос специфик аломатларга ҳам эга бўлади. Булар, энг аввало мамлакатнинг сиёсий бошқарув тизими, иқтисодий ахволи, жамиятда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари таъминланиши ҳолати, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ва фаоллиги билан чамбарчас боғлиқдир.

 

Дунё мамлакатларида бир партиявийлик, икки партиявийлик ва кўппартиявийлик тизимлари мавжуд[7]. Уларнинг айримларини таҳлил қилиб ўтамиз.

 

Америка Қўшма Штатлари партиявий тизими

 

АҚШда расман рўйхатдан ўтган 38 та сиёсий партия бўлсада, мазкур мамлакат сиёсий ҳокимияти икки партиявийлик тизими асосида шаклланади. Яъни, бу ерда биз Республикачилар ва Демократлар партиялари ўртасида доимо рақобатни кузатишимиз мумкин.

Мазкур рақобат эса ўз навбатида сиёсий дискурснинг классик шаклидан фарқ қиладиган, мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатига тааллуқли замонавий жараёнлар билан боғлиқдир. Яъни, улар сиёсий мафкураси, ёки бўлмаса, умумий сиёсий манфаатлари жиҳатидан келиб чиқиб эмас, балки бугунги кун тартибидаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш борасидаги ёндашувларга асосланади. Куйидаги жадвалда бунинг намунасини кўриш мумкин:

 

 

 

Мазкур партиявий тизим ўзининг чуқур демократик анъаналари билан алоҳида ажралиб туради. Масалан, сайловлар жараёнида партиялардан номзод кўрсатиш бир нечта босқичда амалга оширилади. Олдин партиянинг ўзида номзод кўрсатиш борасида сайловлар бўлиб ўтади. Битта номзодлик ўрни учун бир нечта шахс кураш олиб бориб, охир-оқибат партиядан ягона номзод давлатнинг президентликка, Конгрес-Сенат аъзолигига ёки штат ҳокимлигига номзод сифатида кўрсатилади.

 

Германия Федератив Республикаси партиявий тизими

 

ГФР конституцияси Европада биринчилар қатори сиёсий партияларнинг конституциявий мақомини белгилаб берган. Партияларнинг асосий вазифаси сифатида халқ иродасини ифода этиш дея эътироф этилади. Бугунги кунда, Германияда том маънодаги кўппартиявийлик қарор топган бўлиб, мамлакатда 30 га яқин сиёсий партиялар фаолият олиб боради. Лекин, парламент ва хукумат мандатлари учун асосан 6 та партия: Германия социал-демократик партияси, Христиан-демократик иттифоқ, Христиан-социалистик иттифоқ, «Яшиллар» партияси, Озод демократик партия ва Муқобил Германия партиялари кураш олиб боради.

 

Мамлакат сиёсий тизими шуниси билан анча қизиқарлики, ҳар бир сайловда мазкур партиялар ўртасида қизғин сайловолди кампаниялари ва тарғиботлар олиб борилишига қарамай хеч бир партия мутлоқ кўпчилик овозига эга бўла олмайди. Бу эса «сиёсий коалиция»лар тузишга ва ўзаро рақобатчи партиялар ўртасида умуммиллий манфаат юзасидан консенсусга келишга олиб келади.

Мазкур жараён давлат марказий ва маҳаллий бошқарув тизимида ўзаро тийиб туриш, манфаатлар мувозанати ва жамоатчилик назорати механизмларини кучайтиришга ижобий таъсир қилади.

 

Япония партиявий тизими

 

Японияда расман бир нечта юзлаб партиялар мавжуд бўлсада, мамлакат сиёсий тизимида битта – Либерал-демократик партияси яққол доминант мақомга эга. У сўнги 40 йил давомида парламент ва хукуматни шакллантиришда асосий рол ўйнаб келади.

 

Япония сиёсий ҳаётида партиялар: сиёсий интеграция ва социализация; индивидуал ва жамоавий сиёсий, ижтимоий ва бошқа турдаги манфаатларни илгари суриш; фуқаровий муносабатларда ихтилофларни ҳал қилиш (институционализация конфликтов); фуқароларни сиёсий жараёнларда иштирокини тизимлаштириш; мамлакатда сиёсий лидерларни тарбиялаш; жамият билан давлат ўртасида «қайта алоқа» тизимини йўлга қўйиш каби кўплаб функцияларни бажариб келади[8].

 

Япония сиёсий тизимининг алоҳида жиҳатларидан яна бири, бу амалдаги сиёсий партиялар ўз сафига жамиятдаги кучли етакчи шахсларни жалб қилиши асносида сайловларда муваффақият қозониши билан изоҳланади. Яъни, мамлакатда кўп ҳолларда «кучли лидер» фактори ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Етакчининг ғалабаси эса партиянинг ғалабаси сифатида қаралади.

 

Ўзбекистон партиявий тизими: ҳолати, муаммо ва мулоҳазалар

 

Мустақилликдан сўнг Ўзбекистонда кўппартиявийлик тизимини мустаҳкамлаш ва фаолияти самарадорлигини ошириш борасида бир қанча ташкилий, ҳуқуқий ва институционал асослар яратилди. Бугунги кунда, мамлакатимизда бешта сиёсий партия расман руйхатдан ўтган ҳолда фаолият олиб бормоқда, булар: Ўзбекистон Халқ демократик партияси; «Адолат» социал-демократик партияси, «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партиясидир.

 

Мамлакатда партиявий тизимни ривожлантириш борасида ижобий тажриба билан бир қаторда айрим концептуал муаммолар ҳам мавжуд, ва айнан шу муаммо ва камчиликлар бугунги кун тартибига олиб чиқишни кутаётган масалалардан ҳисобланади. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, 2017 йилнинг 12 июлида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказилган йиғилишида ҳам сиёсий партиялар ва депутатлик корпуси вакиллари фаолияти танқидий таҳлил этган эди. Унда асосий эътибор партиялараро сиёсий рақобатнинг сустлиги, аҳоли (электорат) билан ишлаш тизимидаги муаммолар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгаш депутатллари фаолиятидаги камчиликлар ва бошқа жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

 

Шулардан келиб чиқиб, бугунги кунда, Ўзбекистонда сиёсий партиялар фаолияти ва уларни том маънодаги фуқаролик жамияти институтига айланиши борасидаги фундаментал муаммоларни қуйидагича таснифлаш мумкин:

 

биринчидан, амалдаги сиёсий партиялар ўз ҳаракати ва фаолияти жиҳатидан жамиятдан, электоратдан узилиб қолган десак муболаға бўлмайди. Сиёсий партиялар дастурларида индивидуаллик ва рақобатни кўра олмаймиз. Мазкур партиялар расмий ҳукумат томонидан олиб борилаётган сиёсатга нисбатан муқобил дастур ва моделларни илгари суриш қобилиятига эга эмас.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциялари ва депутатлар фаоллиги ҳам суст. Қабул қилинаётган қонунларнинг деярли 90 фоизини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида хукумат ёки президентлик институти томонидан илгари сурилаётгани ҳам фикримизни исботидир. Шуни таъкидлаш лозимки, ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади[9];

 

иккинчидан, энг асосий муаммолардан яна бири бу ҳалигача сиёсий партияларнинг ижтимоий асоси – электорати тўлиқлигича шакллантирилмагани ҳисобланади. Шунингдек, амалда сиёсий партиялар билан, улар ўз электорати дея эълон қилган, ижтимоий гуруҳи ўртасида «қайта алоқа» тизими мавжуд эмас. Аҳоли (сайловчилар) ўзларини қийнаётган социал-иқтисодий муаммоларни ечими бўйича депутатларга (партияга) мурожаат қилишдан кўра ҳокимият ёки ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилишни афзал кўришади. Масалан, Фуқаролик жамиятини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан ўтказилган социологик сўровда «Сизнинг ҳуқуқларингизни амалда ким ҳимоя қилади?» деган саволга респондентларнинг аксарияти (27%) ҳуқуқ тартибот органлари: ИИБ, ДХХ, пракуратура ва суд; яна бир қисми маҳалла ва ҳокимият идоралари дея жавоб берган бўлса, сўровда иштирок этган хеч бир респондент сиёсий партия ёки ўзим сайлаган депутат дея жавоб бермаган[10]. Шу ўринда таъкидлаш лозим, ижтимоий ҳаётимизда шундай омил кўзга ташланадики, бугунги кунда, гўёки сиёсий партиялар ўз ҳаётида, электорат эса ўз ҳаёти билан яшамоқда;

 

учинчидан, ҳозирда, сиёсий партиялар ташкилотларида кадрлар муаммоси жуда долзарблигича қолмоқда. Партия тизимида ҳали-хамон ёши ўтган ва эскича фикрлайдиган партташкилотчилар фаолият олиб бормоқда. Ёш, ташаббускор, замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрларнинг сиёсий партиялар тизимига келишмаётганининг сабабларидан бири - ойлик маошининг пастлиги билан ҳам изоҳлашимиз мумкин. Масалан, сиёсий партиянинг марказий органлари ходимлари учун лавозимига қараб 1.5 млн.дан 2 млн.гача (170-230 АҚШ доллари атрофида) маош олишади[11]. Шунингдек, партия ташкилотлари тизимида ўрнатилган қаттиқ бюрократик тизим ҳам профессионал кадрларни жалб қилиш имконини чеклайди;

 

тўртинчидан, демократик норма ва қадриятларнинг сустлиги – сиёсий партияларнинг муҳим муаммоларидан яна биридир. Ўзларини «демократик» партия дея эълон қилган мазкур сиёсий партияларнинг фаолиятида демократияга хос бўлмаган кайфият устуворлигини кузатиш мумкин. Булар, партия бошқарув органлари сайловида, сиёсий партиядан депутатликка номзодларнинг кўрсатилишида, партия тизимида ўрнатилган чуқур вертикал муносабатларда яққол кўринади. Мазкур ҳолатлар эса, аслида жамиятда демократияни мустаҳкамлашга қаратилган фуқаролик жамияти институти ҳисобланмиш – сиёсий партияларнинг халқ олдидаги имиджини тушишига олиб келмоқда.

 

бешинчидан, мавжуд партияларнинг мафкуравий асослари ва дастурий ғоялари умумий ва бир бирига ўхшаш тарзда ифода этилган бўлиб, улар орасидаги принципиал фарқ сезилмайди ва сунъий ажратилиш кузатилмоқда. Мисол тариқасида айрим ҳолатларни эслатиб ўтиш кифоя. Жумладан, бир томондан «адолат» ғояси, иккинчи томондан «миллий тикланиш» ғояси бир бирига жуда яқин ва зид эмас. Яна бир масала, бу партияларнинг ташқи сиёсий позициялари деярли мавжуд эмас. Халқ демократик партиясининг ҳаттоки номи ҳам бироз ғалати белгиланган, чунки демократия сўзининг ўзи халқ ҳокимиятини билдиради, демак партиянинг номида «халқ халқ ҳокимияти» (иккита халқ сўзи) ибора бўлиб қолган.

 

Умуман олганда, бизнинг жамоатчиликимизда ва айниқса партиялар доирасида мафкуравий дискурс жуда суст бўлгани учун, партиялар ўзига асос қилиб олган мафкураларнинг ўзи ҳам ҳали жиддий ишлов берилмаган кўринади. Масалан либерал демократия ғояси жаҳон сиёсий тажрибасида ҳамда илмий доираларда турлича талқин қилинади; ҳусусан либерализм ғояси таназзулга учраганлиги ҳақида ҳам бахслар авж олган.

 

олтинчидан, партияларимиз негадир муҳолифат сўзидан чўчигандек туюлади. Бу сўз, гарчи қонунларимизда киритилган ва эътироф этилган бўлса-да, бизнинг сиёсий жараёнимизда ва мулоқотларимизда қўлланилмай қолди. Бизнинг фикримизча, бу масалага ҳам инновацион ёндашув ва ойдинлик киритиш керак. Гап шундаки, муҳолифат сўзи жуда тор ва салбий маъно хосил қилиб, стереотипга ва қотиб қолган тушунчага айланиб қолган.

Масалага кенгроқ ёндашсак, Ўзбекистонга аслида муҳолифатдан ҳам кўра кўпроқ сиёсий хилма-хиллик муҳити яратилиши мақсадга мувофиқ. Яъни, жамиятда табиатан мавжуд турли фикрлар, ғоялар, эҳтиёжлар, манфаатлар ва талабларни давлат томон ҳаракатланиши учун тегишли каналлар яратилиши лозим.

 

***

 

Шу ўринда савол пайдо бўлади: Ўзбекистон тараққиётини таъминлаш, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантиришда бизга қандай сиёсий партиялар керак? Бу саволга ягона бир жавоб бериш қийин, албатта. Лекин, илмий муассаса томонидан шундай таклифларни беришимиз мумкин:

 

  • «Миллий юксалиш» партияси: деярли 30 йил давомида мамлакатимизда миллий тикланиш, у ёки бу шаклда бўлсада, рўй берди. Энди миллий тикланиш мақсадидан – миллий юксалишга ўтиш вақти келди. Шунинг учун мазкур партиянинг ҳам номи, ҳам ғоявий базаси қайта кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ.
  • «Туркистон партияси»: азалдан ягона ижтимоий, сиёсий ва маданий жиҳатдан бир макон бўлган – Марказий Осиё интеграциясига қаратилган партия. Европа мамлакатларида масалан, Европа партиялари мавжуд. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасини устувор йўналиш деб белгилади. Шу мақсадни кўзлаган ҳолда ва Ўзбекистонни минтақада етакчи давлат бўлиб қўшни давлатларни бирлаштириш учун хизмат қилиш бу буюк прогрессив ғоядир.
  • «Аграр партия»: УзЛиДеп партияси ўз атрофида ҳам тадбиркорларни ҳам ер эгалари (фермерлар)ни қамраб олиши тобора қийинлашиб боради. Айнан аграр партия мамлакатдаги катта ижтимоий қатлам ҳисобланган – фермерлар сиёсий иродасини ифодаловчиси сифатида чиқиши мумкин.
  • «Республикачилар партияси»: асосий эътибори давлат бошқарувини оптималлаштириш, самардорлигини ошириш ва ижро интизомини мустаҳкамлашга қаратади. Республикачилик мафкурасида демократия, давлатчилик ва фуқаролик жамияти ғоялари уйғун ҳолда мужассам этиши мумкин.

 

Биз бу жойда айнан шу партияларни тузиш керак демоқчи эмасмиз, балки муҳокамага савол сифатида тақдим этмоқдамиз. Бу ҳусусида давлат ва жамоат ташкилотлари, сиёсий партия вакиллари, сиёсатшунос олимлар ва бошқа соҳа вакиллари билан илмий дискуссия қилиш зарурлигини эътироф этиш ниятидамиз. Эслатиб ўтиш жоиз, мамлакатимиз янги тарихида сиёсий партиялар тизими доим бир кўринишда қолмаган: айрим партиялар бирлашган, айримлари фаолиятини тугатган. Бу нормал диалектик жараён.

 

Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти шаклланишида, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда, социум интеграциялашувида сиёсий партиялар иштирокини кенгайтириш борасида бир қанча таклифларни илгари суриш мумкин. Жумладан:

 

  • Бугунги кунда, сиёсий партияларни давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги долзарб ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий масалалар борасида доимий изланишлар олиб борадиган, аҳолини (электоратни) қийнаётган  муаммолар ечимлари юзасидан аниқ ва манзилли дастурлар ишлаб чиқадиган, давлат бошқарув органлари устидан жамоатчилик назоратини ва ижтимоий ҳамкорлик ўрнатадиган «ақл фабрика»ларига айлантириш зарурати мавжуд;
  • Ўзбекистонда фаолият олиб бораёнган сиёсий партияларни вакиллик демократияси институтига айлантириш учун энг аввало уларнинг иш самарадорлигини ошириш, электорат билан ишлашда янги, XXI асрга хос бўлган, инновацион ижтимоий механизмларни қўллаш ҳамда партиялараро соғлом рақобат муҳитини яратиш лозим;
  • давлат ва жамият ижтимоий-сиёсий тизими шаффофлиги ва легитимлигини таъминлаш энг аввало хилма-хиллик муҳитини яратиш ҳамда сиёсий плюрализмга ҳам боғлиқдир. Кўппартиявийлик тимизи ўз ўзи билан демократияни яратмайди;
  • шунинг билан бирга, ҳозирги кунда Ўзбекистон Ҳаракатлар Стратегияси асосида ўз олдига қўйган ва илгари сурилаётган улкан ислоҳотларнинг қай даражада муваффақиятли кечиши энг аввало 2019 йилда мамлакатимизда кутилаётган парламент сайловларига ҳам кўп жаҳатдан боқлиқдир. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугун Ўзбекистонга том маънодаги демократик сайловлар, демократик партиялар ва демократик парламент жуда зарур.

 

Хулоса ўрнида, партология ва сиёсатшунослик соҳасидан яна бир эслатмани келтириш фойдадан ҳоли эмас. Партияларнинг мавжудлиги бу бир масала, улар амалда қандай фаолият юргизишини тушуниш бу бошқа масала. Ҳар хил демократияларда партиялар ҳар хил иш юритади. Замонавий демократия классик демократиядан фарқ қилади. Жамиятлар ва давлат институтлари глобаллашув даврида ва жадал информацион жараёнлар муҳитида жуда мураккаблашиб бормоқда. Демак партиялар ҳам бундай шароитда жиддий синовдан ўтиши муқаррар. Бунда партия тизимини ислоҳоти бир нечта йўналишда амалга оширилиши керак бўлади, яъни: партиянинг ташкилот сифатида олий мақсади ва ички тузилиши; партиянинг давлат билан муносабати; партиянинг фуқаролар билан мулоқоти ва ҳаказо.

Шу ўринда электорат масаласининг ҳам маъно-моҳияти жиддий ўзгариб боради. Ижтимоий муносабатлар 21-асрда бутун дунёда янгича тус олмоқда. Шу нуқтаи назардан, сиёсий қарашлар ва манфаатлар ҳам тобора мураккаблашиб ўзгарувчан характерга эга бўлади. Биз демократик жараённи жадаллаштиришимиз керак, чунки биз тасаввур қилган замонавий демократия индустриал инқилоб замонида ривож топган бўлиб, унинг ўзи ҳам дунёда ўзгариб бормоқда, чунки информацион замонда инсониятнинг бутун ҳаёти тубдан ўзгариб боради, жумладан давлатнинг қиёфаси ва бошқарув услублари ҳам.

АҚШда ва бошқа илғор мамлакатларда катта тезликда кечаётган бу жараён ҳатто “демократия заифлашиб ва таназзулга юз тутиб бормоқда” деган ташвишларга сабаб бўлмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, то янги тартибот шакллангунча ҳар бир институт – давлатдан тортиб то оилагача, мактабгача ва корхонагача бутун жамиятдаги ижтимоий муносабатлар тубдан ўзгариб кетади.[12] Биз бу ҳодисани ‘пост-демократия’ деб атасак бўлади. Шунинг учун биз информацион асрга мос давлат институтлари ва бошқарув сифатига, яъни пост-демократияга ўтишдан олдин “классик” демократияни оддий турмуш тарзига айлантиришимиз лозим. Сиёсий партияларнинг энг долзарб вазифаси шундан иборат.

***

[1] Diamond L. “Is the Third Wave Over?” Journal of Democracy, 1996, № 3.

[2] La Palombara J., Weiner M. Political parties and political development. – The origin and development of political parties  (Princeton, NJ, 1966), p. 3-4.

[3] Tanja A. Borzel. Organizing Babylon - On the Different Conceptions of Policy Networks//Public Administration. - 1998, p. 253–273.

[4] Бейме К. фон. Партии // Политология вчера и сегодня. Вып. 4. –М., 1992. – С. 64.

[5] Ижтимоий амортизатор – жамиятда юзага келадиган ижтимоий қарама-қаршиликларни юмшатиш ва бартараф қилишга қаратилган фаолият тури. Социокультурный словарь, Т.3. 471 с.

[6] Язык и наука конца XX века. Сб. статей. М.: РГГУ, 1995. - С. 35-73.

[7] Бу жойда мамлакатлардаги партияларнинг айнан сони эмас, балки уларни ҳокимият учун реал кураша оладиган сиёсий партиялар назарда тутилган – муаллиф.

[8] Особенности партийной системы: http://www.hyno.ru/tom2/1886.html

 

[9] Мирзиёев Ш.М. Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак. 12.07.2017. http://uza.uz/oz/politics/parlamentimiz-a-i-iy-demokratiya-maktabiga-aylanishi-islo-ot-12-07-2017

[10] Фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятини мустаҳкамлаш, жамиятнинг ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий фаоллигини оширишга оид Ўзбекистон тажрибаси. Ўқув қўлланма. Т., 2016. Б.80.

[11] Сиёсий партия вакиллари билан суҳбат асосида шакллантирилган.

[12] Walter Russel Mead. “The Big Shift. How American Democracy Fails Its Way to Success”, in Foreign Affairs, May/June 2018, https://www.foreignaffairs.com/articles/united-states/2018-04-16/big-shift?cid=nlc-fa_twofa-20180419