Bilim - tinchlik urug‘i
Ta’lim - tinchlik daraxti
Fan - tinchlik mevasi
 (99871) 256-43-22 |   office@uzbk.org

Ориентализм ва Оксидентализм масалаларига назарий қарашлар. Ўзбекистон ва Марказий Осиёни ўрганиш муаммолари

Ориентализм ва Оксидентализм

Таниқли олим Эдвард Саид 1979-йилда ўзининг “Ориентализм” деб номланган машҳур китобини чоп этганда, кўплаб олимлар мазкур асарни халқаро муносабтлар (ХМ) ва жаҳон тартиботи (ЖТ) масалаларига оид янги концептуал ёндошув деб қабул қилишди. Дарҳақиқат, Саид “ориентализм” тушунчасинининг маъно-моҳиятини тушунтирар экан, у кўплаб олимларнинг эътиборидан четда қолган қизиқ бир воқеликни кўрсатиб берди, яъни: умуман Шарқни, Шарқ мамлакатлари ва халқларини, Шарқда кечаётган жарёнларни Ғарбдаги шарқшунослик мактаблари ўзига ҳос услубда ва сиёсий мақсадга йўналтирилган кўринишда ўрганмоқда экан.

Авваламбор, Саид “Ориент” ёки “Оксидент”дея, турли ерлар, минтақалар, жуғрофий секторлар каби жуғрофий, маданий ва тарихий бирликларни инсон ўзи ўйлаб топган (man-made) атамлардир, деб таъкидлайди. Бошқача қилиб айтганда, Шарқ бу ўз тафаккур тарихи, тасаввурлари ва луғатига эга бўлган маҳсус ғоя бўлиб, у Ғарб доирасида ва Ғарб учун Шарқ (Ориент) деган муайян мавжудликни яратади.[1] Ғарбда узоқ давр давомида Ориентализмни Шарқ тўғрисидаги билимлар мажмуаси сифатида маълум даражада филтрловчи элакка айлантириш учун кўплаб ҳаракатлар амалга оширилган, дейди Саид. Натижада Шарқ тўғрисида ўрнашиб қолган стереотиплар уни муайян тасаввурлар қолипига солиб қўйган ва шу орқали Ғарб билан Шарқ орасида тегишли муносабатлар тарзи шаклланиб келган. Масалан, Шарқ иррационал, қашшоқ, ёш болага ўхшаш, умуман “бошқача”; Ғарб (Европа) эса рационал, олийжаноб, ривожланган, умуман «нормал» деб кўрсатилади.[2]

Шундай чекланган, “тозаланган” тасаввурлар, ўз навбатида,  табиий равишда дунёни икки йирик қисмга бўлинганлигини англатади – бу “бизлар” (Ғарбдагилар) ва “улар” (Шарқдагилар). Бундай сунъий бўлинишнинг оқибатини душманлик, кескинлик, бир биридан бегоналашиш дунёқарашисиз кўриш мукинми?, деб савол қўяди Саид.[3]

Асарнинг оҳирида Эдвард Саид қуйидаги ҳулосага келади: “бошқалардан кескин фарқ қиладиган, соф маҳаллий, бетакрор ҳамда маҳсус жуғрофий маконгагина ҳос бўлган диний, маданий ёки ирқий сифатлари билан ажралиб турган аҳоли мавжуд бўлган ўша жуғрофий маконлар тўғрисидаги ғоя ўта мунозарали ғоядир... Ҳақиқат шундан иборатки, Ориентализм муваффақиятли равишда янги империализмга мослаштирилган бўлиб, унинг асосий парадигмасида Осиёдан устувор бўлиш деган доимий империал режа мужассамлашган”.[4]

Саиднинг илмий анъанасини давом этган ҳолда, мен энди Оксидентализм ходисасини таҳил қилмоқчиман. Бу атама мен учун худди Ориентализмдек бир ёқлама концепция бўлиб, у ҳам “тозаланган”, “филтрланган”, оғишдан ҳоли бўлмаган қарашлар мажмуасидир.

Ғарбшунослик доирасида биз кўпинча билвосита ёки бевосита Шарқни Ғарбдан гўё ҳақиқатан ҳам кескин фарқи бор деган баёнотларни эшитамиз. Кўп ҳолатларда шарқий мамлакатлар ва халқлар орасида Ғарбни салбий тасвирлаш шунчалик қатъиятлик билан амалга ошириладики, бунинг оқибатида Оксидентализм билан йўғрилган тасаввурлар чуқур илдиз отмай ва кенг тарқалмай қолмайди.

Масалан, Ғарбни, ҳусусан АҚШни салбий тасвирлашда “империализм”, “гегемонизм”, “дунё полициячи”, “ғарбона маданият”, “аҳлоқсизлик”, “демократияни ёйиш”, “вестернизация” ва ҳ.к. каби ўрнашиб қолган иборалар ишлатилади. Совет даврида ғарбий хаёт ва ғарбий сиёсий тузумларга “чириб бораётган капитализм” тамғаси осилган эди (ваҳоланки, социализмнинг ўзи чириб бормоқда эди).

Оксиденталистик қарашларда ҳам “бизлар” ва “улар” деган белгилар орқали дунё бўлинади; оксиденталистик парадигмасида ҳам бегоналашишга хизмат қилувчи ғоялар мужассамлашган. Шундай қилиб Ғарбдаги шарқшунослик (ориентализм кўринишида) Шарқдаги ғарбшунослик (оксидентализм кўринишида) бир бирига ўхшаш назарий ва сиёсий қарашлар тизими бўлиб, улар худди бир бирини тўлдириб туради.

Бироқ, бундай қиёслашда бироз янглишмовчилик пайдо бўлиши мумкин. Гап шундаки, ушбу икки илмий мактабларни бир бирига тенг деб бўлмайди. Ҳа, балки Оксидентализмга қайсидир маънода Ориентализмга нисбатан, акс-садо, реакция, жавоб деб таъриф бериш мумкиндир. Аммо, масалага чуқурроқ назар ташласак, Ориентализм доирасида ва умуман ғарбий илмий доираларда уни танқид қилиш ва ислоҳ қилиш потенциали сезиларли даражада катта, Оксидентализм тарафида эса бундай потенциал жуда суст кўринади. Холбуки, юқорида айтилганидек, иккала мактабнинг назарий заифлиги уларнинг айрим концептуал унсурларини қайта кўриб чиқиш вазифасини тақозо этмоқда.

Машҳур америкалик олим ва собиқ АҚШ Президенти маслаҳатчиси Збигнев Бжезинский ўзининг “Танлов. Глобал устуворлик ёки глобал етакчилик” китобида дунёнинг ўзаро боғлиқлиги ва глобаллашув жараёни шароитида АҚШнинг роли ва халқаро обрўсини таҳлил қилган ҳолда, Американинг дунёдаги позицияси антиқа: у дунёда етакчи бўла олади, ва бундай роли унинг мисли кўринмаган улкан қудрати ва демократик бошқарувига боғлиқдир, деб таъкидлайди. Етакчилик роли эса, устуворликдан фарқли ўлароқ, бошқаларни ўзининг кетидан эргаштириш қобилиятини англатади. “Ҳокимият фақат ҳокимият учун, устуворлик фақат устуворлик учун – булар давомий муваффақият учун формула бўла олмайди. Устуворлик мақсад қилиб олинса, у боши берк кўча дегани. У вақти келиб, ўзига қарши муҳолифатни қўзғотади, ва унинг ман-манлиги ўзини-ўзи адаштирувчи тарихий кўрликни ҳосил қилади. Жаҳоннинг энг оҳирги манзили бу ё таҳминан кейинги йигирма йил давомида манфаатлар уйғун бўлган ҳамжамият сари ҳаракат қилиш, ё глобал хаосга мубтало бўлиш”, деб ёзади Бжезинский.[5]

Бжезинский таъкидлашича, Америка умум эътироф этилган мақсадларни тарғиб қилади; у ўзининг сиёсий маданиятини бошқаларга сингдиришга интилмайди. Бу фикр айниқса АҚШнинг мусулмон мамлакатлари билан бўлган муносабатларида алоҳида аҳамият касб этади. Мисоллар келтириб олим қизиқ бир тезисни илгари суради: “агар демократизация бегона куч томонидан догматик йўли билан сингдирилмасдан табиий (органик) ўсиш туфайли тус олса, ислом жамиятлари ҳам аста секин демократик сиёсий маданиятни ўзига сингдиради ва мослаштиради”.[6] Олим ва тажрибали сиёсий арбоб яна бир муҳим жараён тўғрисида огоҳлантириб ўтди: агар Америка етакчилик масъулиятини тўғри идрок этмаса, ва дунёда фақат ўзининг устуворлигини ўрнатса, дунёда аксил Америкача кайфиятлар кучаяверади ва одамлар Америкага нафрат билан қарайди.

 

Марказий Осиёни ўрганиш муаммолари

Хўш, Марказий Осиё қаерда жойлашган – Шарқдами ёки Ғарбдами? Аксарият одамлар бу саволга “Албатта Шарқда”, деб жавоб беради. Аммо шундай дея, улар бир вақтнинг ўзида ҳам Ориенталистик, ҳам Оксиденталистик дунёқарашларни намоиш этишади. “Биз шарқий ўлкамиз” деб, ғарбий ўлкалардан кескин фарқимиз борлигини эътироф этамиз, Ғарбни бегоналаштиримиз ва шу орқали Оксидентализмга хисса қўшамиз; “Биз шарқий ўлкамиз” деб, Ғарбга хизмат қилувчи Ориентализмга ҳам хисса қўшамиз, чунки бу тушунчани айнан шу назария киритган.

Кўриниб турибдики, иккала назарий қолипдан чиқишга ҳаракат қилиш керак, аксинча бундай юзаки илмий изланишлар бизни чалкаштириб юбориши мумкин. Боз устига, мамлакат ўз олдига қўйган олий мақсадлар ва стратегик режаларда мавҳумлик пайдо бўлиши ҳам мумкин. Тадқиқотларни тўғри йўлга қўйиш учун, янги назарий ёндошувлар ва илмий тамойилларни муомалага киритиш зарур. Ҳусусан, универсализм тамойилини ўйлаб кўришни таклиф этмоқчиман. Бу ёндошувда илмий фикр халқлар ва мамлакатларни бир биридан ажратувчи фарқларни ва ҳусусиятларни бўртириш ўрнига, уларни бир бирига яқинлаштирувчи ва ўхшатувчи ҳусусиятларига йўналтирилади. Шу ўринда мен америкалик олим Фарид Закариянинг “Озодликнинг келажаги” деб номланган китобидан бир жумла келтирмоқчиман: “Қаердаки [мамлакатлар] ўз иқтисоди ва сиёсатининг либераллашувини амалга оширишда олға силжиса, улар на маданият, на дин, на жойлашув табиатан демократияга қаршилик қилади деган ҳақиқатни дунёга хабар қилади”.[7] Бу жумлада фундаментал бир фикр яширинган, яъни: демократия бу фақатгина Ғарбга ҳос бўлган тузум ва қадрият эмас, балки умумбашарий қадриятдир ва унга барча халқлар эришиши мумкин; лекин қайсидир ўлкаларда ва мамлакатларда демократияга эришилмаган бўлса, бунга сабаб уларнинг диний, миллий, маданий ёки жуғрофий ўзига хослиги эмас, – бошқа омиллардир.

Ҳусусан, Закария араб давлатларидаги ижтимоий ва сиёсий замонавий воқеликни таҳлил қилар экан, уларда кузатилатган сиёсий ва иқтисодий инқирозни сабабларига арабларнинг маданияти ёки тарихий ҳусусиятларининг даҳли йўқ, аксинча асосий сабаб бу ўша мамлакатлардаги турғунликка юз тутган авторитар бошқарув тизимидир, деган фикрни исботлайди. Масалан, кенг тарқалган ислом дини ва демократия бир бирига мос келмайди, деган тасаввурни у алҳида кўрб чиқию шундай хулосага келади: “Аксарият мусулмонларнинг ҳар кунги хаёти уларнинг эътиқоди аксил Ғарб ёки аксил модерн эканлигини тасдиқламайди... Агар ислом билан демократия орасида фундаментал зиддият бўлса ҳам 800 миллион мусулмонлар бундан бехабардир”.[8]

Бизнинг ўлкамизни ҳам тадқиқ этишда парадоксал ҳолатни кузатишимиз мумкин: Ориенталистик ёндошувларнинг бир қатор жиҳатлари ўзини оқламади. Умуман, хаттоки Ориентализмнинг бевосита таъсирида бўлмаган бир қатор бошқа тадқиқотларда ҳам илгари сурилган ҳулосалар ва башоратлар нотўғри бўлиб чиқди. Бир нечта мисол келтирмоқчиман.

1)                  Мустақилликнинг дастлабки босқичларида юқорида эслатилган Зб. Бжезинский Марказий Осиё минтақаси ‘Болқонлашув’ жараёнига юз тутади, деб башорат қилган эди.[9] ‘Болқонлашув’ деганда, ушбу минтақада хам Болқон мамлакатларда 1990-йилларда бўлганидек миллартлараро, динлараро ва ҳудудий можаролар авж олиб кетиши назарда тутилади. Бироқ, бундай сценарий амалга ошмади, яъни ички минтақавий можаролар ҳеч қачон минтақанинг парчаланиб кетишини келтириб чиқарувчи қонли тўқнашувлар даражасида содир бўлмади. Шунинг учун, Марказий Осиёни Болқон минтақасига бундай ўхшатиш нотўғри бўлган.[10]

2)                  Марказий Осиё тадқиқотлар доирасида 1991-йилдан бери энг “оммабоп” бўлган мавзу бу диний экстремизм ва терроризм таҳдиди. Бу масалада ҳам хорижий илмий доираларда стереотип қарашлар кенг тарқалган эди, уларга қўра бундай таҳдидлар бутун минтақани қамраб олади ва кескин тус олади. Джон Хэдершо ва Дэвид Монтгомери бу масалага қуйидагича шарҳ берган: “Марказий Осиё кўпинча ‘мусулмонларнинг радикаллашуви’ йирик муаммоси нуқтаи назардан кўриларди, аммо минтақада ислом экстремизми ва сиёсий зўравонликнинг аломатлари жиддий даражада намоён бўлмади. Марказий Осиё хавфсизлик таҳлилчилари томонидан Исломни бундай нотўғри тасвирлаш  масаланинг маъносини жиддий даражада ўзгартиришга олиб келади”.[11]

3)                  Афғонистондаги кўп йиллардан бери давом этиб келаётган уруш Марказий Осиё тадқиқотларида яна бир йирик мавзу бўлиб келди. Кўплаб хорижий таҳличилар Марказий Осиё мамлакатлари Афғонистондан ҳудудидан тарқалаётган таҳдидларга сезгир ва очиқ деб, бу мамлакатдаги вазият Марказий Осиё ҳудудига ҳам тарқалишини (spillover) башоратини берган. Аммо бундай башоратлар ҳам ўз тасдиғини топмади.

4)                  Маълумки, 1920-1930-йилларда бизнинг минтақада сунъий равишда бешта республикага бўлинган эди. Совет даврида республикалар орасидаги чегаралар фақат маъмурий мақомга эга эди ва улар ҳеч қандай муаммолар туғдирмас эди. Мустақилликдан сўнг чегараларнинг мақоми давлатлараро чегара мақомига айланди. Кўплаб таҳлилларда минтақада пайдо бўлган янги мустақил давлатлар чегара бўйича можароларга киришиб кетади деббашорат қилган. Бу башорат ҳам ўз тасдиғини топмади, чунки чегара муаммолари, гарчи узоқ вақт сақланиб келган бўлса-да, улар жиддий кескинликларни келтириб чиқармади ва бугунга келиб муаммонинг ўзи ҳам деярли бартараф этилди.

5)                  Яна бир башоратга кўра, Марказий Осиё мамлакатлари сув можароларига киришиб кетиши керак эди. Сирдарё ва Амударё юқори оқимида жойлашган Қирғизистон ва Тожикистон ва қуйи оқимида жойлашган Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон мазкур икки дарё сув оқими ва тақсимоти масаласи бўйича манфаатлари уйғун бўлмаганлиги учун, ҳусусан гидроэнергетика иншоотларини қуриш масаласи бўйича давлатларнинг позициялари бир бирига қарама қарши бўлиб келганлиги оқибатида “сув урушлари” башоратлари ҳам айтилди. Аммо бундай бўлмади, боз устига, мазкур муаммонинг ўзи аста секин хал бўлмоқда.

Минтақадаги муаммоларни хал қилиш бўйича шундай таҳлилий фикрлар ва таклифлар жарангладики, мазкур бешта давлатлар орасида улкан давлат гўёки сиёсий воситачилик ролини бажарса мақсадга мувоффиқ бўлади. Бундай улкан давлат сифатида албатта Россия кўрсатилади.[12] Ўзбекистоннинг доимий позицияси бу масалада шундай бўлиб келдики, Марказий Осиёда минтақавий муаммоларни бартараф этишда ташқи улкан давлатнинг воситачилик хизматларига зарурат йўқ, ва минтақадаги давлатлар бу муаммоларни ўзлари хал қилиши мумкин.

Юқорида келтирилган бешта мисолларни эслатишдан мақсад, нафақат улар Ориенталистик қарашларга қанчалик зид келишини кўрсатиш эди, балки умуман Марказий Осиё тадқиқотларида (Central Asian studies) қанчалик стереотиплару, янглишмовчиликлар кўпайиб кетгалигини кўрсатиш эди. Шундай башоратлар ҳам бўлганки, уларга кўра 1991 йилда Марказий Осиёда бир зумда пайдо бўлган янги мустақил давлатлар гўёки ўз-ўзларини бошқара олмайди, улар ўта заиф, улар фақат муайян улкан давлат таъсир доирасидагина қолиб ривожланиши мумкин эмиш.

Ҳўш, “Марказий Осиё Ориентализми”га мазкур мамлакатлар қандай жавоб беришди? Менимча, улар “Марказий Осиё Оксидентализми”ни “кашф этдилар”, яъни дунёни ва авваламбор Ғарбни Ориентализм руҳида, Оксиденталистик шаклида тасаввур қила бошлашди. Лекин бу “кашфиёт” анъанавий жиҳатларидан ташқари ўзига ҳос ўлчамлари билан ажралиб туради.

Ўзига хос ўлчам бу Россия таъсири омилидир, яъни: Марказий Осиё мамлакатлари тадқиқотчилари ва жамиятлари Россия информацион макони томонидан деярли тўла тўкис қамраб олинган бўлиб, улар дунёга ва шу жумладан Ғарбга ҳуддики Россия кўзлари билан қарамоқда. Бундай таъсир остида маҳсус Оксидентализм юзага келади.

Рус сиёсатшунос олим Андрей Казанцев АҚШ ва РФнинг Марказий Осиёда асосий манфаатлари бир биридан жиддий фарқ қилишини таъкидлаган ҳолда, мазкур минтақанинг эҳтимолий ғарблашуви оқибатларига оид савол қўяди ва ўзи унга жавоб беради: “Ғарб Марказий Осиёни қандай қилиб ғарбона, капиталистик, демократик ва дунёвий тараққиёт йўлига чорлаши мумкин – Россия, ислом дунёси ёки ОТОМ мамлакатларини четлаб ўтган ҳолда? Бундай уринишлар ўзида жиддий зиддиятни қамраб олмаяптимикан, ахир бу минтақа ўзининг тарихи, маданияти, сиёсий тизимларининг ўзига хослиги бўйича тезкор ғарблашув, глобаллашув, демократлашув ва ҳ.к.ларга тайёр эмас? Ғарбий институтларнинг минтақага ўта фаол кириб келиши натижасида минтақада “салбий” глобаллашув бошланиши мумкин”.[13]

Қизиқ, нима учун тайёр эмас, ва нима учун “салбий” глобаллашув бошланиши мумкин? Ва қандай қилиб АҚШ Марказий Осиёни ғарбона, капиталистик, демократик ва дунёвий тараққиёт йўлига чорлашда ўзининг бу ҳаракатларини Россия билан мувофиқлаштириши мумкин? Бундай аксил Америкача фикрлар орқали Россия оммавий ахборот воситалари ва айрим олимлари кўпинча балки ўзлари билган ё билмаган ҳолда Ғарбий Ориентализм ниҳолларини суғормоқда ва ўз навбатида маҳаллий Оксидентализмни парвариш қилмоқда.

Россия Федерациясида 2018 йил 18 март куни бўлган Президент сайловларида қатнашган президентликка номзодларнинг сайловолди дебаталари ҳам шуни кўрсатдики, Россия сиёсий доираларида ва жамиятида “совуқ уруш”дан иллат бўлиб сакланиб келган ва баъзан кучайган аксил АҚШ, аксил Европа кайфиятлари ханузгача бартараф этилмаган. Тўғрироғи, бундай кайфиятлар, менимча, деярли бартараф этилган (21-асрда аксинча бўлиши ҳам мумкин эмас), аммо ҳокимият учун кураш мақсадида сунъий равишда сақланиб келмоқда ва ҳатто қўзғатилмоқда.

Умуман олганда собиқ совет маконида, шу жумладан Марказий Осиё мамлакатларида ҳам, маҳаллий «ғарбшунослик»нинг ниҳоллари, гарчи мустақиллик даврида ўсган бўлса-да, унинг уруғлари совет даврида, ҳусусан “совуқ уруш” йилларида, сочилган эди. Янги замонда мана шу собиқ совет уруғларидан ўсиб чиққан Оксидентализмни мен “совет синдроми”нинг бир кўриниши деб изоҳлайман. Дарҳақиқат, қанчалик олдинги даврда Ғарб давлатлари ва улардаги ҳаёт ҳақида одамлар жуда тор, юзаки ва мафкуравий оғиш таъсирида бўлган маълумот ва билимларга эга бўлган десак, шунчалик бугунги кунда ҳам кўп ҳолатларда “ғарбшунослик” субъектив аксил Ғарб позициялар билан йўғрилмоқда.

Шу билан мен Ғарбни салбий тасвирлаш ёки уни танқид қилиш учун асос йўқ демоқчимасман, асло. Керак бўлса ғарбий мамлакатларда олимлару жамоатчилик ўзларини биздан ҳам кўпроқ очиқ танқид қилади. Гап қанчалик бизнинг қарашларимизда бир ёқлама, юзаки ва мафкуравий тарзда оғган ёндошувлар объектив ва чуқур ўрганишлардан устун келишидадир. Агар биз, бир томондан, Ғарб бошқа, Шарқ бошқа десак, ёки уларни маданияти, цивилизацияси бизнинг маданиятимиз ва цивилизациямизга ёт деб таъкидлаверсак, иккинчи томондан эса, улар ривожланган, кучли, биз эса улар олдида анча орқадамиз ва уларнинг даражасига етиб боролмаймиз деган тасаввурда тураверсак, аслида ғарбий Ориентализмга ўзимизнинг Оксидентализмимиз орқали хисса қўшган бўлмаймизми?

Бизда кўпинча “шарқона менталитет”, “ўзимизга ҳос демократия”, “маданиямизга, урф-одатларимизга ёт ғарблашув” каби иборалар билан мазкур масалани соддалаштиришади. Мен диалектик ёндошув тарафдориман. Қайси масала кўрилмасин, уни мутлақлаштирмаслик, ўта умумлаштирмаслик, мураккаблигини инкор этмаслик зарур. Масалан, “шарқона менталитет”нинг қайси унсурлари антиқа бўлиб ғарбий менталитетда умуман такрорланмайди? Ёки “ўзимизга хос демократия”нинг қайси жиҳатлари ғарбий демократиядан мутлақо фарқ қилади? Ёки ғарблашувнинг қайси сифатлари бизга ёт? Шундай саволлар орқали масалага ёндошсак, яъни ғарбий таъсир деган ҳодисани тегишли илмий элакдан ўтказсак, «улар» ва «биз» деган бўлиниш мутлақ бўлмай кўринади.

Марказий Осиё минтақасини ХМ ва сиёсатшунослик доирасида ўрганишда яна бир омил Ориентализм-Оксидентализм концептул схемаларга сабаб бўлиши мумкин, у ҳам бўлса геосиёсат омилидир. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Геосиёсат доим Марказий Осиё минтақавий жараёнининг сояси бўлиб келди. Айниқса минтақа мамлакатларининг интеграциясига нисбатан улкан давлатлар турли муносабат билдириб келди. Узоққа бормасдан, куни кеча Астана шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслахатлашув учрашувини олайлик.

Кўп йиллар давомида бундай учрашувлар ўтказилмасди. Ниҳоят Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёев ташаббуси билан бешта давлат раҳбарлари 15 март куни йиғилишди. Учрашув тугагач, бир зумда Россия таҳлилчилари уни Россиядан узоқлашиш белгиси деб баҳолаша бошлашди ва натижада минтақа гўё АҚШ таъсир доирасига тушиб қолар экан.[14] Бундай талқинлар нафақат яна бир бор АҚШни Марказий Осиёликлар олдида қоралаб бегоналаштиришга хизмат қилади, балки мазкур минтақа мамлакатларини ҳам камситиб, уларни заиф, ўз иродасига эга эмас қилиб кўрсатади.

 

Синтез ҳодисаси

Шундай қилиб, биз Ориентализмни Оксидентализмга айлантириб бир янглишмовчиликни бошқаси билан алмаштирмаслигимиз керак. Тўғри, ориенталистик дунёқарашда ҳам, оксиденталистик дунёқарашда ҳам ўзига яраша кучли жиҳатлари мавжуд, чунки уларни пайдо бўлишига муайян воқелик сабаб бўлган. Улар фақат ушбу воқеликнинг бир қиррасини ёритади холос. Диалектик ёндошувда эса биз синтез тамойилини киритган ҳолда, универсализм ғоясини қўллашимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Синтез тамойилига асосланган универсализм ғояси биздан инсонлар, халқлар, мамлакатлар ва ҳатто тамаддунлар орасидаги фарқларни, бир бирига қанчалик бегоналигини доим бўртириб кўрсатиш билан чекланмасдан, улар орасидаги ўхшашликка, табиатан бир бирига яқинлигига ҳам назар ташлашни тақозо этади.

Дарҳақиқат, синтез ҳодисасини биз ҳар қадамда кўришимиз мумкин. Хусусан, “ғарблашув индекси” деган тушунчага эътиборни қаратмоқчиман. Европа таҳлилий марказларида яқинда ушбу тушунча асосида қизиқ кузатувлар олиб борилди ва ғарбий бўлмаган халқларда қанчалик ғарблашув ҳодисаси ривожланганлиги маҳсус мезонлар орқали ўрганилди. Мазкур мезонларга қуйидагилар киритилган: сиёсий эркинликлар даражаси; парламентдаги ғарбчиликка мойил депутатлар фоизи; жамоатчилик фикрида ғарб цивилизацияси ҳақида тасаввурлар; Конституция ва қонунларда инсон ҳуқулар ва эркинликлари нечоғли таъминланган; суд органлари нечоғли мустақил; бизнес ва иқтисод соҳасида ғарбий сармояларнинг улуши; ғарбий давлатлар билан бўлган экспорт-импорт кўлами; лотин алифбосининг қўлланилиши; аҳолининг ғарбий тилларда сўзлашуви; маҳаллий телевидениеда ғарбий филмлар қанчалик ўрин олган; Интернет ва ижтимоий тармоқларнинг ҳамда мобил телефонларнинг мамлакатда тарқалганлиги; фуқароларнинг ғарбий малакатларга саёҳат қилиш кўлами; аҳолининг хаёт тарзида қанчалик замонавий мода шаҳобчалари, ресторанлар, фаст-фуд нуқталари қанчалик талаб қилинган; ва бошқалар.

Ушбу мезонларни ўлчаш услублари ва натижаларидан қатъий назар, уларнинг ўзи бизга синтез ва универсаллашувдан дарак бермоқда. Бу билан мен ғарблашув жараёни бутун хаётимизни қамраб оляпти демоқчимасман; одамзоднинг ўзи табиатан шунчалик универсал деб атаса бўладиган сифатларга эгаки, уларни биз на соф ғарбий, на соф шарқий сифатлар дейишимиз мумкин.

Сиёсий таҳлилда ҳам универсалистик ёндошув зиддиятли омилларга алоҳида эътибор қаратишни талаб қилади ва ўша зиддиятликларни ечимини ҳам излайди. Ориенталистик-оксиденталистик ёндошувлар дунёни статик кўринишда тасвирлайди, универсалистик ёндошув эса дунёни динамик, ўзгарувчан деб ҳисоблайди ва шу билан бирга ўзгаришларни бошқарадиган туб қонунлар хамма ерда деярли бир хилдир, деб таъкидлайди. 

Халқаро ҳуқуқ ва халқаро ҳамжамият деган атаманинг мавжудлиги бунга далил бўла олади. Нима учун инсоният халқаро ҳуқуқни яратиш ва ривожлантириш йўлидан бормоқда? Нима учун давлатлар учун ягона хулқ-атвор стандартлар тизими эътироф этилмоқда? Нима учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) тузилган ва барча янги пайдо бўлган мустақил давлатлар дархол БМТга аъзо бўлишга интилади?

Универсализм назарий қараш доирасида Марказий Осиё минтақамизни ўрганишда қизиқ хулосаларга келиш мумкин. Айниқса Марказий Осиёдаги интеграцион жараёнига Европа интеграцион моделини тадбиқ этиш мумкинми, деган савол олимлар орасида жиддий муноазараларни келтириб чиқарди. ЕИ модели бизга тўғри келмайди деганлар асосан Европа бошқа, Марказий Осиё бошқа ва биз улардан нусҳа ололмаймиз деган содда аргументлардан нарига бормайди. Конкрет далиллар эса деярли илгари сурилмайди.

Менинг бу мақоламга минтақамиздаги интеграцион жараён таҳлили сиғмайди, албатта. Лекин шуни таъкидламоқчиамнки, 1991-йилдан то 2005-йилгача мазкур жараён институционаллашув маънода ЕИ андозаси бўйича ривожланиб келди. ЕИ модели бугунги кунда дунёда эътироф этилган энг намунали интеграцион тузилма бўлиб, ундан биз хам шубҳасиз анча сабоқ олишимиз мумкин.

Умуман олганда, ғарбий давлатларнинг Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари билан олиб бораётган ҳамкорлиги Ориенталистик дунёқараш доирасига мос келмаяпти. 2002й. март ойида АҚШ ва Ўзбекистон орасида мисли кўринмаган “Стратегик шериклик тўғрисида” Декларация имзоланди. 1996 йилда ЕИ ва Ўзбекистон орасида “Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида” шартнома имзоланди. Давлатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларидан буён то бугунга қадар, Ғарбнинг энг йирик ва асосий таянчи бўлмиш АҚШ ва ЕИ бизга бирор марта гегемонистик, империалистик, устуворлик позициядан туриб муносабат қилмаган. Бошқача қилиб айтганда, улар томонидан Марказий Осиё давлатларига тақдим этилган молияфвий, иқтисодий, техникавий ва ҳарбий ёрдам Ориентализм қарашлардан келиб чиқмаган, аксинча ўзаро манфаатдорлик тамойилига асосланган.

Биз кўпинча, АҚШ ёки Европа Иттифоқи Марказий Осиё мамлакатларига қаратилган “демократияни қўллаб қувватлаш” сиёсатини юргизиш ниқоби остида ўзининг геосиёсий манфаатларини кўзламоқда, деган асоссиз баёнотларни эшитишимиз мумкин. Бундай баёнотлар илмий танқидга лойиқ, чунки улар бир нечта камчиликлари билан ажралиб туради. Биринчидан, айнан айтилиши бўйича “демократияни қўллаб қувватлаш” номли концепцияни бошқа (фитна) маънода талқин қилишдан олдин тўғри (яъни ўзининг асли) маънода ҳам тушунишга ҳаракат қилиш керак. Демократияни аслида доим қўллаб қувватлаш керак, ҳатто ривожланган демократик давлатларда ҳам, уни турли оғишлардан, таҳдидлардан ҳимоя қилиш керак. Демократия йўлини танлаган ёш давлатларда эса бу масала янада долзарброқдир. Иккинчидан, мазкур концепция умумий шаклда ифодаланган бўлиб, унда демократия америкача ёки европача бўлиши керак дейилмаган. Учинчидан, ушбу концепция маъно жиҳатдан демократияни куч билан ўрнатилиши ё тарқатилишини ҳам талаб қилмайди. АҚШ ва Европа расмий ва таҳлилий доиралар вакиллари айнан мана шу фикрни доим билдириб келади. Бошқа (фитна) маъно борлигини эса биз асосан Россиядаги расмий ва таҳлилий доираларидан эшитамиз. Тўртиничидан, демократик қадриятлар, демократик давлат тузилиши, демократик хаёт тарзи каби мақсадларни биз ўзимиз олий мақсад қилиб танлаганмиз ва уларни аввало ўзимиз қўллаб қувватлашимиз лозим. Бошқа ривожланган демократик давлатлар эса бу интилишимиз ва ҳаракатларимизда кўмак бериши мақсадга мувофиқдир, чунки демократия бу умуминсоний қадриятдир. Ва ниҳоят, бешинчидан, ғарбий сиёсатшунослик асарларида демократиянинг мазмуни ҳамма ерда бир, шакллари ва кўринишлари ҳамда бунёд этиш усуллари эса турлича бўлиши ва ҳар хил вақт давомида яратилиши мумкин деб доим таъкидлаб келинган. Яъни бу узлуксиз жараён, бир зумда ўрнатиладиган тайёр модел эмас.

Ҳўш, Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатларини ўрганишда бизнинг илмий ёндошувимиз ва услубиятимиз қандай бўлиши керак? Менинг жавобим – синтез тамойили асосида ва универсализм назарияси доирасида. Универсализмни ҳам мен ‘диалектик универсализм’ деб тушунишни таклиф этаман. Бу дегани, синтез тамойилини ўзгарувчан дунё тартиботига қўлланиши ва бу ўз навбатда мураккаб ва зиддиятли жараён бўлиб, қайси қадриятлар универсал, қайси бири маҳаллий (локал) деб тўғри баҳо бериш зарур.

Кези келганда, эслатиб ўтиш жоизки, оҳирги бир асрдан ортиқ давр мобайнида Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё халқлари маҳсус модернизацион жараённинг синовидан ўтди. Бу маълум маънода демократлашув синови ҳам ғарбийлашув (европалашув) синови бўлди десак, менимча ҳато бўмайди. Бу жараёнда, таниқли Америкалик сиёсатшунос олим Дэвид Аптер кўрсатганидек, жамият ва давлат тобора мураккаблашиб боради, унда янги ижтимоий роллар ва муносабатлар пайдо бўлади. Агар бу жараёнда демократиянинг истиқболи тўғрисида гап борса, муайян жамиятда демократиядан олдин мавжуд бўлган анъаналар ва институтлар нечоғли янги тизимга йўл очиши мумкин ёки тўсқинлик қилади, деган савол тадқиқот марказида бўлиши керак.[15]

Шу фикрга қўшилган ҳолда, ўхшаш саволни қўйишимиз мумкин, яъни: Бизнинг жамиятимздаги, халқимиздаги қайси қадриятлар, анъаналар, ижтимоий ва сиёсий институтлар, дунёқараш меъёрларини илгари суришимиз ва келажакка узатишимиз лозим, қайсиларини эса ўтмишда қолдирсак бўлади? Ва бу саволнинг ечимини топишдан олдин, умуман дунёни, инсониятни, халқаро тизимни биз қандай идрок этяпмиз, деган саволни ҳам ўртага ташласак ўринли бўлади.

Марказий Осиё ўлкаси асрлар давомида ҳам цивилизациялар тўқнашуви, ҳам цивилизациялар ўртоқлашуви макони бўлиб келган. Шундай экан у ҳам Ғарб, ҳам Шарқ ҳислатларини ўзида мужассамлаштирган.

 

Хулоса

Ориенталистик ёндошувларнинг бир қатор жиҳатлари гарчи ўзини оқламаса ҳам, назарий ва амалий қарашларда ўхшаш назария – Оксидентализм ёндошувлари кенг тарқалиб борди. Лекин Оксидентализм ҳам ориентализм каби сунъий ва статик, қотиб қолган концепциядир. Қолаверса кенг қарашда, ўзининг сиёсатида ва тафаккурида Ғарб ҳам якдил эмас, Шарқ ҳам якдил эмас, демак биз жаҳон саҳнасини кўпроқ диалектик тарзда идрок этишимиз зарур.

Албатта, геосиёсатни ҳеч ким жаҳон саҳнасидан ўчиргани йўқ ва турли геосиёсий рақобат, ҳаттоки Марказий Осиё минтақасидаги “Буюк Ўйин” деб номланган улкан давтлатларнинг кураш аломатлари ҳам баъзан ўзини сездиради. Бироқ, геосиёсий назарий доира халқаро муносабатлар тизимидаги мураккаб воқеликнинг фақат айрим жиҳатларини очиб беради, холос, ва дунёни “биз” ва “улар” асносида бўлинган қилиб кўрсатади.

Агар шундай бўлиниш жаҳон тартиботининг доимий ва асосий сифати (константаси) бўлса, унда Ўзбекистон кўпроқ қайси тарафда – Шарқми ё Ғарбми – деган савол бизни боши берк кўчага олиб борарди. Аслида одамзод хаётини ҳам, халқаро муносабатларни ҳам синтез ҳодисаси доим бойитиб келган ва шу орқали универсалистик меъёрлар ва қадриятларни шакллантириб келган.

Дарон Аджемоглу ва Джеймс Робинсон ўзларининг “Нега айрим халқлар бой, бошқалар камбағал”, деб номланган китобида дунё мамлакатлари ривожланишининг ўзига ҳос ҳусусиятлари ва унинг негизида турган омилларни қиёсий таҳлил қилиб жуда қизиқ ва нисбатан янги назарий хулосага келган. Муваффақиятли ривожланиш негизида жуғрофий жойлашувнинг фарқи, маданият, миллий ҳусусиятлар каби омиллар эмас, балки инклюзив ва экстрактив институтларнинг мавжудлиги ва амал қилиши, деган кўрсаткич ётибди.[16] Инклюзив институтлар деганда сиёсий очиқ, либерал демократик, ҳусусий мулкка асосланган тизим назарда тутилади. Экстрактив институлар эса табиий ресурсларга боғланган ва уларга эгалик қилган тор доираларнинг ҳукмронлигига ососланган тизимдир. Қисқача қилиб айтганда, бошқарув тизимининг табиати, сифати, очиқлиги, самараси ҳамда ҳокимиятнинг оқилона тақсимоти ҳал қилувчи рол ўйнайди деб ҳисобланади. Муаллифлар, ҳусусан, Ғарбдаги АҚШ ва Мексика, Шарқдаги Шимолий ва Жанубий Кореяларни бир бирига таққослаган, Ғарбдаги Бразилия ва Венесуэла, Шарқдаги Сингапур ва Хитой каби давлатларни кўриб чиқишган ва ҳоказо. Шу назарияни Ўзбекистонга қўллаб нима дейишимиз мумкин?

Бўлажак илмий тадқиқотларимизда юқорида кўтарилган илмий масалаларни кенг муҳокамасига ўтиш мақсадга мувоффиқ, деб ўйлайман.

 

Калит сўзлар: Ориентализм, Оксидентализм, Марказий Осиё, Ўзбекистон, геосиёсат, демократия, синтез, модернизация, универсализм

Аннотация

В данной статье дается критический обзор известной концепции «ориентализма» и также критически рассматривается ее антиномия – «оксидентализм». Показана несостоятельность или ограниченность обеих концепций. Геополитическое измерение зачастую искажает видение мира и международных отношений, что прямо или косвенно служит консервации односторонних представлений о Западе и Востоке.

Политика западных государств по отношению к Узбекистану и в целом Центральной Азии не носила на себе отпечаток прямолинейного (ориенталистского) видения водораздела между развитым Западом и неразвитым Востоком. С другой стороны, Узбекистан и весь регион Центральной Азии в своей недавней эволюции претерпели значительное испытание модернизацией и в определенной степени демократизацией, что также способствовало некоторому привитию в обществе универсальных норм и ценностей.

На основе принципа синтеза рассмотрена концепция диалектического универсализма, которая предлагает определенные изменения в подходе к решению вопроса об отношении к миру и международной системе, а также об исследовании Центральной Азии.

Abstract

In this article the author gives critical review of the famous conception of ‘orientalism’ and critically considers its antinomy – ‘occidentalism’. Irrelevance of both conceptions is shown. Geopolitical dimension often distorts the vision of the world and international relations and serves, thereby, for conservation of simplified perceptions of the West and the East.

The policies of western states with respect to Uzbekistan and Central Asia as a whole, hasn’t bear the imprint of straightforward (orientalist) vision of the watershed between developed West and undeveloped East. On the other hand, Uzbekistan and the entire region of Central Asia in its recent evolution has experienced significant modernization and a certain degree of democratization, which helped inculcation of universal values and norms in the society.

On the basis of the principle of synthesis, a concept of dialectical universalism was considered which suggests certain changes in approaches toward the solution of the question concerning vision of the world and the international system as well as approaches toward the overall Central Asian studies.

 

[1] Said, E. Orientalism (N.Y.: Vintage Books, 1979), p.5.

[2] Ibid, p.40.

[3] Ibid, p.45.

[4] Ibid, p.322.

[5] Zb. Brzezinski. The Choice. Global Dominance or Global Leadership (N.Y.: Basic Books), 2004, p.219.

[6] Zb. Brzezinski. The Choice. Global Dominance or Global Leadership (N.Y.: Basic Books), 2004, p.225.

[7] Fareed Zakaria, The Future of Freedom (N.Y.: Norton &Co, 2007), p.81.

[8] Fareed Zakaria, The Future of Freedom (N.Y.: Norton &Co, 2007), p.126-127.

[9] Brzezinski, Zb. The Grand Chessboard. American Primacy аnd its Geostrategic Imperatives (BasicBooks – Harper Collins Publishers, Inc, 1997), p. 123.

[10] Толипов Ф. “Некоторые теоретические аспекты центральноазиатской геополитики. / Центральная Азия и Кавказ, №. 6, 2001.

[11] Heathershaw, J., Montgomery, D. “The Myth of Post-Soviet Muslim Radicalization in the Central Asian Republics”, in Chatham House Research Paper, November 2014.

[12] Казанцев А.А. “Большая игра” с неизвестными правилами: мировая политика и Центральная Азия. – Москва: Наследие Евразии. – 2008. – С. 96.

[13] Казанцев А.А. “Большая игра” с неизвестными правилами: мировая политика и Центральная Азия. – Москва: Наследие Евразии. – 2008. –С. 161.

[14] Центральная Азия задумалась об объединении; https://riss.ru/events/48802/

[15] David Apter. The politics of Modernization (The University of Chicago Press, 1965).

[16] Д. Аджемоглу, Дж. Робинсон. Почему одни страны богатые, а другие бедные. Происхождение власти, процветания и нищеты. – Москва: Изд-во АСТ. – 2016.