Bilim - tinchlik urug‘i
Ta’lim - tinchlik daraxti
Fan - tinchlik mevasi
 (99871) 256-43-22 |   office@uzbk.org

“Катта ўйин” қандай ўйналади? Ёки Марказий Осиё Президентлари консультатив учрашувда нималар ҳақида консультациялашдилар

15 март куни Козоғистон пойтахти Остона шаҳрида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон (парламенти спикери) президентларининг узоқ кутилган консультатив учрашуви бўлиб ўтди. Қозоғистон президенти Нурсултан Назарбаев таъкидлаганидек бундай учрашув минтақада сўнги 10 йил ичида дастлабкиси бўлди. Аниқроғи эса беш томонлама учрашув (Туркманистон иштирокида) ундан ҳам узоқ вақт давомида ўтказилмаган эди. Мазкур ҳолат эса энг аввало Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган янги минтақавий сиёсат натижаси ўлароқ амалга ошди дейишимиз мумкин.

Мазкур учрашувнинг «пишиб етилиши»да иккита босқични алоҳида эътироф этиш лозим: бу Мирзиёевнинг 2017 йил сентябр ойида БМТ БА нутқи ҳамда шу йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак» номли халқаро конференциядаги ташаббусларидир. Назарбаев мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлади ва биринчи учрашувни 2018 йилнинг март ойида Остона шаҳрида ўтказишни таклиф қилди. Ва нихоят у амалга ошди. Учрашув давомида давлат раҳбарлари мазкур консультатив учрашувларни доимий равишда ўтказишга ва навбатдаги учрашув 2019 йилда Тошкентда бўлиб ўтишига келишиб олишди.

Бу воқеа тезда халқаро ва минтақавий ОАВ ва аналитик доиралар эътиборини тортди. Масалан, Россиялик журналист Аркадий Дубнов мазкур учрашувни Россиядан масофалашиш дея баҳолайди, ҳамда мазкур Остона учрашувининг энг нозик томони сифатида “уни Россиянинг ҳеч қандай вакиллигисиз, умуман Москва билан келишилмаган холатда ўтказилди”, дея таъкидлайди. Бу ерда шунга ойдинлик киритиш керакки: биринчидан, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг бундай форматдаги учрашувлари ундан олдин ҳам (айниқса 1990-2005-йилларда) доимий равишда ва муваффақиятли тарзда ўтказилган, токи 2005 йилда Россиянинг Марказий Осиё Ҳамкорлиги Ташкилоти таркибига қўшилмагунча. Иккинчидан, “Россиядан масофалашиш” - бу жуда жарангдор гап бўлиб, ваҳоланки Марказий Осиё давлат раҳбарлари бундай хулосага келишга хеч қандай асос беришмади, аксинча унинг қрама-қаршисини таъкидлашди.

Бошқа бир рус таҳлилчиси, Россия стратегик тадқиқотлар институти ходими Аждар Куртов Остонада бўлиб ўтган камтаргина учрашувдан саросимага тушиб қолишига оз қолди. У Марказий Осиё давлатлари 90-йиллар тажрибасини такрорлашлари ва минтақавий бирлашма тузишлари мумкинлиги ҳақида гапириб, лекин мазкур уюшма келажагига шубҳа билан қарайди. Таҳлилчи, давлат раҳбарларининг дўстона муносабати ва Ўзбекистоннинг янги сиёсати асосида минтақавий масалаларни яхшилашга бўлган умумий тенденцияни эътиборга олмагани ҳолда, минтақада тарихий «фобия»лар сақланиб қолганлигини ҳамда бу хозирда инобатга олинмаётганини таъкидлайди. Қуйида унинг таҳлилида кўрсатилган айрим фикрлар бўлиб, улар айрим холда ишончсиз ёки провокациявий кўринишга ҳам эгадир:

- келажакда Марказий Осиёда дунёдаги бошқа ташкилотларга рақобатлаша оладиган  ички-минтақавий блок тузилиши тасаввур қилиш қийин; 

- Афғонистон билан умумий чегара мазкур вазиятни янада чигаллаштиради;

- мазкур бирлашма, агарда у тузиладиган бўлса, албатта АҚШнинг таъсир доирасига тушиши ва АҚШ Марказий Осиё давлат раҳбарлари ҳаракатларига босим ўтказиши мумкин;

- минтақада Россия ёки Хитой иштирокисиз қандайдир тузилмаларни шакллантиришга бўлган ҳар қандай интилиш шундай шароит яратадики, ундан охир оқибат мусулмон дунёсининг консерватив кучлари, АҚШ ёки яна бошқа кучлар ўз манфаати ва мақсадлари йўлида фойдаланишига интилишади.

Келинг энди юқорида кўрсатилган жиҳатларни қисқача қўриб чиқамиз.

Биринчидан, нега ички-минтақавий блокнинг ҳаётийлиги учун у албатта дунёдаги қайсидир бошқа ташкилотга рақобатлашиши лозим? Минтақа дунёда ўзининг қандай муқобиллари бўлишига қарамай, ўзининг ички ривожланиш мантиғига эгадир.

Иккинчидан, “нотинч Афғонистон билан умумий чегаранинг мавжудлиги” балки аксинча, минтақа давлатларини нотинч мамлакатдан келадиган умумий таҳдидлар асносида бирлашиш учун катта омил бўлиб хизмат қила олмайдими?

Учинчидан, бирлашган минтақа албатта АҚШ таъсирига тушади деган хулосага келишга нима асос бўлмоқда? Агарда Куртов мантиқи бўйича фикрлайдиган бўлсак, минтақа давлатлари ҳозирча АҚШ таъсирига тушмаган, нега энди у бирлашса унинг таъсирига тушиб қолади? Умуман олганда бу мамлакатлар 1991 йилдан 2005 йилгача 15 йил давомида бирлашиш жараёнидан ўтган, охир-оқибат эса фақатгина Россия таъсирига тушиб қолишган.

Тўртинчидан, Марказий Осиё минтақаси ички ишларига доимо Россия ёки Хитой иштрокини тиқиштириш, яна АҚШдан келадиган афсонавий таҳдидга қарши улар билан бирлашиш ғоялари – бу энг аввало минтақа давлатларига бўлган беҳурматлик сифатида қараш дейишимиз мумкин. Масаланинг бундай асосда қўйилиши жўда содда ва жўн ҳисобланиб, у ё мазкур давлатларни АҚШ ёрдамида гўё Россия (Хитой)га қарши бирлашмоқчидек тасвирлайди, ё уларни заиф ва ўз иродаси йўқлигига ва шунинг учун уларни ҳар доим ташқаридан (Россия ёки АҚШ томонидан) бошқарилиб туриш керак деган асоссиз ғояларни келтириб чиқаради. 

Умуман олганда, Куртовнинг мазкур фикрлари мана чорак аср давомида янграб келган ва хеч қандай асосга эга бўлмаган эски, сийқаси чиққан пластинканинг овозига ўхшайди. Россиянинг айрим ОАВ ва таҳлилчилари томонидан минтақамизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга хаддан ташқари сиёсий тус бериши, охир-оқибат Россиянинг эски империячилик мақсадари ханузгача сақланиб келиши тўғрисида фикрларнинг реанимациясига сабаб бўлади ва унинг имиджига зарар етказади.

Ажабланарлиси шуки, Россия томонидан номақбул репликаларнинг келишини олдиндан билгандек, Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари ўз учрашувини фақатгина консультатив дея номлашди. Нима хақида улар маслаҳатлашишди?

Ўзбекистон ТИВнинг маълумотига кўра, саммитда минтақа давлатлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорлик, терроризм, экстремизм, наркотик моддалар ва қуролларнинг ноқонуний контрабандасига қарши биргаликда курашиш борасида келишиб олинди.

Марказий Осиё – нафақат географик ва геосиёсий, балки ягона маданий-цивилизацион макон эканлиги эътироф этилди. Шунинг учун ҳам Марказий Осиёнинг барқарор тараққиёти учун ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни йўлга қўйиш, саноат, инвестициявий ва интеллектуал салоҳиятини биргаликда ишга солиш лозимлиги таъкидланди. Бундан ташқари, анжуман давомида сув ресурсларидан рационал фойдаланиш, Орол фожеаси оқибатларини юмшатиш масалалари ҳам диққат марказида бўлди. Шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, анжуманнинг энг асосий натижаси – бу энг аввало унинг кўп йиллик танаффусдан сўнг илк бора ўтказилаётгани бўлди.

Мазкур консультатив учрашув нафақат консультациявий аҳамиятга эга бўлиши мумкин эди, ваҳоланки ҳаммаси – янги варақдан бошлангани йўқ эди, албатта. Минтақа мамлакатлари ўз қисқа тарихи давомида етарлича интеграциявий тажрибага эгалар. Агарда, минтақа давлат раҳбарлари Марказий Осиё Ҳамкорлик Ташкилотини (МОҲТ) қайта ташкил этилганини эълон қилишганида ҳам – ҳеч қандай фантастика содир бўлмасди.

Бир нечта жиҳатларга кўра мазкур консультатив учрашувлар, ўз номига кўра, шундайлигича қолиши мумкин эмас: 1) консультатив учрашувлар доимий равишда бир ҳилда давом этиши қийин, минтақавий ҳамкорлик албатта ўзининг қатъий белгиланган, аниқ ва институционал асосларини яратиши лозим; 2) юқорида таъкидлаб ўтилган интеграцион тажриба бу мамлакатларни келажакда алоқларни фақат консультатив даражада қолдирмасдан янада юқори даражадаги ҳамкорлик ва интеграцияга тайёрлаб келди; 3) олдинги ҳамкорлик тажрабасининг муваффақияти ёки муваффақиятсизлиги кўп жиҳатдан, минтақада етакчи давлат – Ўзбекистонга боғлиқ эди. Ва ниҳоят, Ўзбекистон ўз қўшниларига қайтадан очилди, бундан ташқари, у ўз ҳаракатлари билан минтақада тинчлик, ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳамкорлик муҳитини яратмоқда. Шундай қилиб, минтақадаги ишларни бошқариш услублари бир мунча ўзгарган бўлсада, унинг маъно-мазмуни сақланиб қолди. Шунинг учун Марказий Осиё давлатлари учун «велосипедни янгидан кашф қилиш» керак эмас. Том маънодаги регионализм учун фундамент олдиндан қўйиб бўлинган. Олдинда эса «минали ҳудуд» эмас, балки келажакка интилиш учун кенг йўл турибди.

Агарда бу борадаги халқаро ўйинчиларнинг позицияси ва қарашларини таҳлил қилсак, Америка ва Россиянинг Марказий Осиёдаги қарашлари турличадир. АҚШ (шунингдек ЕИ)нинг расмий ва аналитик доираларида Марказий Осиё минтақасини бирлашуви ва мустақил тарзда ривожланишини қўллаб-қувватлашади. «С5+1» каби Америка формати ёки ЕИнинг Марказий Осиё Стратегияси бунинг ёққол намунасидир. Россия томонидан эса кўпчилик ҳолатда юқорида келтирилган фикрларга ўхшаш баёнотларни эшитиш мумкин, лекин асло минтақанинг бирлашуви ва яқинлашувини эътироф этилишини эмас.

Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий бирдамликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳаракатларига «-параст» ёки «анти-» қўшимчаларини қўшиш – бу 27 йил давомида ўзини ҳеч қандай холатда оқламаган таҳлилий ва илмий услуб ҳисобланади, у фақатгина илмий ва жамоатчилик эътиборини минтақавий эволюциядан чалғитиш ва афсонавий таҳдидларни хастпўстлаш мақсадида олиб борилади. 

21.03.2018

 

Янги “Катта ўйин”ни ўйнашнинг энг яхши йўли – бу уни ўйнамасликдир, асосий эътиборни минтақавий масалаларга қаратишдир. Бундан эса Марказий Осиё давлатлари ҳам, ўзларини геосиёсий рақиблар деб билувчи минтақадан ташқаридаги ўйинчилар ҳам фақатгина ютишади.