05.01.2018 07:39
Нима учун Трампнинг Қуддус масаласи бўйича баёноти хатодир? Чунки:
- Баёнот энг ноқулай тарихий вазиятда эълон қилинди, чунки «Ислом давлати» устидан ғалаба қозониш яқинлашаётган бир вақтда, исломий экстремистлар фойдаланиши мумкин бўлган исломий эҳтиросларни қўзғотмаслик учун ўта эҳтиёткор бўлиш зарур.
- Баёнот БМТ БАнинг 1947 йил 29 ноябрдаги 181-сон Резолюциясига ҳамда 1967-йил 22 ноябрдаги 242-сон Резолюциясига зид келмоқда, шунинг ўзи уни бир ёқламаликда танқид қилиш учун кифоядир.
- АҚШ ҳеч бўлмаганда ўз иттифоқдошлари билан мазкур масала борасида маслаҳатлашиши керак эди, улар эса Трампнинг қарорини қўллаб қувватламаганлиги аниқ бўлмоқда. Трампниг АҚШ ва Мексика орасида девор қуриш қарорини тушунса ва қабул қилса хам бўлар, аммо халқаро аҳамиятга эга бўлган Қуддус масаласи бўйича бир ёқлама қарорини оқлаш қийин.
- Бундай қарор бутун ислом дунёсини ғазабини қўзғатиши, шунингдек, араб-исроил муносабатларида эришилган битмлар ва статус-квосини, ҳусусан 1978-1979 йиллари имзоланган Кэмп-Дэвид шартномалари ҳамда1993 йилда Ослодаги келишувлар каби йирик ютуқларни камситиши бошидан аниқ эди.
- Қуддус мақоми тўғрисидаги масалани Фаластин давлатини барпо этиш масаласининг ечимидан сўнг ёки бир вақтда ҳал қилиш мантиқий ва адолатли бўлар эди.
- Модомики, Қуддус яҳудийлар ёки фаластинликларга тегишли бўлиш масаласи доимий зиддиятли табиатга эга бўлиб қолади, зеро унга ҳам Фаластин, ҳам Исроил бараварига даъво қилиши мумкин.
- Пировардида Қуддус муаммоси ечиладиган муаммодир. Яҳудийларни ҳам, арабларни ҳам қониқтирадиган ечимни Трамп қилган қалтис баёнотисиз ҳам топиш мумкин.
АҚШнинг Яқин Шарқдаги жараёнларга нисбатан олиб бораётган сиёсатида бу даражада “кескин бурилиш”га нима сабаб бўлди?
Қуйидагиларни таҳмин қилиш мумкин:
- Россиянинг Суриядаги аниқ муваффақиятларидан сўнг минтақадаги вазиятни янгиттан беқарорлаштириш ва шу орқали Россиянинг эришилган ютуқларини камситган ҳолда, Яқин Шарқда геосиёсий ташаббусни қайта қўлга киритиш;
- Шимолий Кореяга қарши жадал ҳарбий ҳаракатларни бошлаш мақсадида, жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини Шимолий Корея муаммосидан чалғитиш;
- Ўз иттифоқдоши Исроилни ҳимоя қилиш мақсадида, Яқин Шарқда ўз ҳарбий мавжудлигини сақлаб қолиш;
- Фаластин картасини қайта ўйнаш ва манфаатдор томонларни АҚШ тайёрлаган вариантни қабул қилишга мажбурлаш. Яъни бу ўзига хос “иккинчи Кэмп-Дэвид” белгиси бўлиши ҳам мумкин.
- Минтақада келгуси манёврлар учун қўшимча тизимий воситани яратиш.
Кўриниб турибдики, мазкур муаммонинг геосиёсий ўлчами мавжудлиги эҳтимолдан ҳоли эмас. Шу билан бир қаторда, Трамп ўз қарори билан ўзини изчиллигини намойиш этмоқда, гўё ўзининг сайловолди ваъдаларини бажаряпти, ҳатто ундан олдин бўлган АҚШ Президентларининг режаларини амалга оширмоқда, деб ўйлаш мумкин. Савол туғилади: Трампнинг ташқи кўринишдаги қатъиятлиги остида Realpolitik руҳида илгари сурилаётган бошқа режалар яширинганми ёки бу ҳақиқатан Фаластин масаласини тезкор ечиш мумкинлигига идеалистик ишончми?
Мазкур муаммони ечими бўйича муайян режа борми?
Шуни унутмаслик керакки, мазкур муаммонинг абадий диний ўлчами мавжуд. Яҳудийлар ва мусулмонлар орасидаги зиддиятни ва Исроил давлатини тан олмасликни кўплаб одамлар ислом дунёсида Қуроний талабдир, деб талқин қилади. Шундай экан, исроил-фаластин муаммосининг ҳар қандай ечимини ана шу доимий омилни назарда тутган ҳолда излаш даркор; бу омилни на йўқ қилиб, на инкор этиб бўлади.
Айни пайтда, Қуддус тақдирини ҳал қилиш борасида қуйидаги вариантлар кўриб чиқилмоқда: Ғарбий Қуддус – Исроил пойтахти, Шарқий Қуддус эса Фаластин пойтахти; Қуддусни биргаликда назорат қилиш (кондоминиум), у иккала давлатнинг пойтахтидир.
Қизиқарлиси шуки, айрим тортинишлар ва шартлар орқали Исроил ушбу вариантларнинг барчасига рози бўлиши мумкин, бироқ, фаластинликлар ва умуман араблар эса биронтасига рози бўлиши шубҳалидир. Гап шундаки, хавфсизлик бўлинмаслик тамойилини мазкур вазиятда пойтахт бўлиниши тамойилига айлантириб бўлмайди, яъни пойтахтларнинг уланиши тамойилига. Ҳа, икки давлат хавфсизлиги бир бири билан чамбарчас боғлиқдир, аммо давлат пойтахти функцияларининг уланган шароитида амалга оширилиши амри маҳол. Берлин ва Кипрнинг драматик тақдири шу ҳақида эслатма бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Ҳолбуки мазкур муаммо бўйича дунё давлатлариниг позициялари бир хил эмас. ИҲТ, масалан, Шарқий Қуддус Фаластиннинг пойтахти деб ҳисобламоқда, Туркия Президенти эса ҳаттоки Қуддусни Фаластиннинг оккупация қилинган пойтахти деб ҳисоблайди. Россия бундай қарашни маъқулламаяпти. Қозоғистон Қуддуснинг халқаро мақомини сақлаб қолишни таклиф этмоқда. Фаластин раҳбари эса дунё давлатларини Исроилни тан олишини бекор қилишга чақирмоқда.
Шунинг учун Қуддуснинг миллий мақоми ўрнига, унинг халқаро мақоми моделини муҳокамасига қайтиш мақсадга мувофиқдир ва бундай мақомга иккала давлат рози бўлиш эҳтимоли юқоридир. Геосиёсий нуқтаи назардан, масалага “санитар кордон” тамойили асосида, яъни улкан давлатларнинг устуворлигидан ҳоли (ва ҳарбийсизлаштирилган) ҳудуд яратиш орқали ёндошиш зарур. Бу эса, ўз навбатида, жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган нафақат икки давлатни, балки бутун инсоният томонидан муҳофаза қилинган учта жаҳон динларининг тинч-тотув яшашининг ёрқин намояндаси бўлар эди.