“BilimKarvoni”

Ўзбекистонда политология-2.0

16.01.2018 08:43

1-қисм. Жахонда сиёсатшунослик тадқиқотлари

Тарихий назар

Инсоният тарихидаги сиёсатга оид қарашларнинг биринчи шакли дин ва афсоналар кўринишида бўлган. Бизгача етиб келган манбаъларда таъкидланишича, милоддан аввалги II—I минг йилликларда деарли барча халқлар хукумат ва ижтимоий-сиёсий тузулмаларни, ёки шуларга оид қарашларни афсоналар шаклида етказиб келишган.

Эрамиздан аввалги биринчи минг йилликда, сиёсий қарашларнинг рационаллашув тенденцияси кузатила бошланди, илк сиёсат категориялари ва дефинициялари, кейинчалик эса алоҳида концепциялар пайдо бўла бошлади. Шунинг билан сиёсатнинг назарий тадқиқотлар асослари пайдо бўлди. Бу жараён биринчи навбатда Конфуций, Афлотун ва Арасту изланишларига чамбарчас боғлиқ.

Арастунинг ва ундан аввалги олимларнинг сиёсий изланишлари ҳали алоҳида фан сифатида шакилланмаган, аксинча фалсафий ва ахлоқий ғоялар билан боғланган эди. Кейинчалик эса, сиёсий қарашлар секин аста дин ва фалсафий таъсирлардан ажрала бошлади. 

Сиёсатшунослик мустақил фан сифатида

XIX асрнинг иккинчи ярмига келиб кенг миқиёсдаги сиёсий тадқиқотлар тўпланиб қолганига қарамасдан,  сиёсатшунослик мустақил фан пойдеворисиз шаклланиб келаётган эди. Шу сабабли, сиёсатшуносликнинг алоҳида фан сифатида шаклланиш жараёни тугалланишининг таърифи ноаниқ бўлиб келган эди. Баъзи тадқиқотчилар сиёсатшуносликнинг расмий фан сифатида шакилланганини XIX асрнинг иккинчи ярмида ташкил топган Германия хуқуқшунослик мактабига боғлашади, бошқалари эса, яъни америкалик тадқиқотчиларнинг фикрига қараганда 1857-йилда Колумбия университетида сиёсат назарияси лекцияларини ўқишни бошлаган ва 1880-йилда ўша олийгохда сиёсий фанлар олий мактабини очилишига шароит яратиб берган Френсис Лейбер номи билан боғлиқдир.

Кенги йилларда Америкада сиёсатшунослик ўқув ва тадқиқот институтлар тармоқлари пайдо бўла бошлади. Бу эса, ўз ўрнида 1903-йилда Америка сиёсий фанлар ассоциациясини ташкил топишига асос бўлиб хизмат қилди. XIX аср охири ва XX аср бошларида «сиёсий фан» атамаси европа қитъасида хам тан олиниб, кенг тарқала бошлади. XX асрнинг бошларига келиб сиёсатшунослик алохида фан сифатида ажралиб чиқиш ва шаклланиш жараёни деарли тугатилади. Шундай қилиб, ХХ асрнинг бошларида сиёсий жараёнларнинг табиатини тушунишга қаратилган тадқиқотлар асосида сиёсатшунослик мустақил фан сифатида тизимлашади.

Сиёсий тадқиқотларнинг институцияланишуви

Сиёсатшунослик фани доирасида тадқиқотларнинг бош объекти давлат, унинг тузилиши, фаолияти ва бошқа сиёсий тузилмалр бўлиб келган. Сўнгра унинг предмети бошқа фанларда ўрганилмайдиган сиёсий ҳодисалар, яъни, сиёсий жараёнлар, сиёсий харакатлар ва сиёсий тизимлар хисобига кенгая бошлади.  

ХХ асрда амалий сиёсий тадқиқотларнинг ривожи янги босқичга кўтарилди. Унинг профессионаллашуви бошланди (ўтган асрнинг иккинчи ярмида эса институционаллашуви ҳам бошланди). Экспертлар муҳитида, асосан университетларда амалий ижтимоий фанлар ва сиёсий тахлилчилар хамжамияти шакллана бошлади. Мисол тариқасида сиёсий назария ва давлат бошқаруви амалиётини бирга боғлаган шундай инсонлардан бири ўз мансабини Гарвард университетида сиёсий фанлар ва давлат бошқаруви профессори лавозимидан бошлаган АҚШ президенти В.Вильсонни келтирса бўлади.   

Кўпчилик сиёсатшунослар сиёсий таҳлил тарихининг расмий бошланиш нуқтасини 1951 йилда Г.Лассуэл ва Д.Лернер бошчилигидаги “сиёсий-бошқарув харакати”нинг жамоавий ёзма манбаалари билан боғлашади. Г.Лассуэл ўз монографиясининг кириш қисмида мазкур ҳаракатнинг олдига икки тамонлама мақсадни илгари суради: жамоавий қарорларнинг самарадорлигини оширишга кўмаклашиш ва бир вақтнинг ўзида демократик принциплар хамда инсонийлик қадрятларни ривожлантириш ва амалиёта тадбиқ этиш. Бошқача қилиб айтганда, ушбу мақсадларда, демократия назарияси ва бошқарув амалиётини бирлаштирган ҳолда сиёсий фанга прагматик ва амалий тус бериш хақида гап бораётган эди.  

1960 ва 1970-йилларда сиёсий таҳлил университет фаъни сифатида институциялашади. 1960-йилларнинг охирларида Калифорниянинг Беркли, кейинчалик эса АҚШнинг бошқа етакчи олийгоҳларида амалий сиёсий таҳлил йўналишида маҳсус курслар ва ўқув дастурлари жорий этилиб, шу соҳада магистр ва фан докторлари тайёрлана бошланади. Бир вақтнинг ўзида муҳим жараён юз беради, яъни сиёсий таҳлил мустақил, махсус касбга айлана бошлайди. Федерал, регион ва қуйи қатламдаги давлат органларида таҳлилий йўналишлар шаклланади ва «таҳлилчи» (analyst) ишчи ўринлари пайдо бўлади.    

Маълумки институцияланиш жараёнининг муҳим кўрсаткичлари профессионал жамиятлар, махсус журнал ва уюшмаларни ташкил қилиниши хисобланади. Ҳудди шундай жараён АҚШда 1970-1980-йилларда сиёсий-бошқарув муаммоларига йўналтирилган маҳсус журналлар этилишидан бошланади. Жумладан, мисол тариқасида “Policy Sciences”, “Policy Studies Journal”, “Policy Studies Review”, “Journal of Policy Analysis and Management” каби журналларни келтирса бўлади. Бундан ташқари, профессионал уюшмалар шаклланади, жумладан – асосан сиёсатшунослардан ташкил топган Сиёсий-бошқарув тадқиқотлар ташкилоти ва таркибида икки минг амалиётдаги сиёсий таҳлилчилар хамда академик тадқиқотчиларни бирлаштирган фанлараро Сиёсий таҳлил ва менеджмент Ассоциацияси кабилардир.  

ХХ аср бўйлаб сиёсий таҳлил сохасида мода қонун қоидалари асосан таҳлилий махсулотларга талаб ва таклиф уйғун бўлган АҚШ тамонидан белгиланди. Ушбу жараён асосан иккинчи жахон урушидан сўнг Совет иттифоқига қарама қаршилик вақтида шиддат билан ривожланди. Америкада нодавлат тиҳлилий марказлар очила бошлади – булар «ақл трестлари» (brain trusts) ва «фикр фабрикалари» (think tanks) деб ном олди. 1948-йилда АҚШда «РЭНД корпорацияси» ташкил топди. Ушбу таҳлилий марказ очилишига кўп бўлмай Харбий хаво кучлари вазирлигидан бир неча мудофаа лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун буюртмалар олди. Кейинроқ эса, Брукингс институти, Мерос фонди, Урбанистика институти ва бошқалар ташкил топа бошладилар. Шундай қилиб 1960-йилларнинг якунига келиб АҚШда сиёсий таҳлил методологиясини шаклланишига салмоқли ҳисса қўшган бутун бошли нодавлат сиёсий таҳлил индустрияси шаклланди. Бу ҳолатни қисқача тасвирлаш мақсадида “РЭНД Корпорейшн” томонидан яратилган “ҳаражат-фойда” ва “ҳаражат-самара” каби таҳлилий услубий ишланмаларни эслатиш мумкин; ушбу ишланмалар сиёсий дастурлар ва қарорларнинг самарасини ҳамда уларнинг натижаларини баҳолаш стандарт инструментларини ўз ичига олган.

РЭНД корпорациясининг рахбарларидан бири ўзи ишлаб турган ташкилотнинг ролини қуйидагича тушунтиради: «Биз маълумот ва билимларни қидириб топиб, йиғиб ва уларни якуний истеъмолчига изоҳлаб берувчи ўртакашларга ўхшаймиз, бизнинг холатимизда асосий истеъмолчимиз давлатдир”.[1]

Чикаго мактаби[2]

Демак ХХ асрнинг биринчи ўн йиллигида сиёсатни фан орқали англаб етиш чуқур мазмунга эга бўлди. Конт, Милль, Токвиль, Маркс, Спенсер, Вебер, Дюркгейм, Парето, Михельс, Моска, Острогорский, Брайс ва шу каби Европа сиёсий фани буюк мутафаккирлари сиёсий социологияси, антропологияси ва психологияси каби йўналишларни ривожлантириб сиёсий жараёнларни инсонлар онги даражасига кўтаришди. Олдинлари сиёсат асосан хуқуқий, фалсафий ва тарихий фанлар доирасида ўрганилган бўлиб, энди ҳокимият ва сиёсат жараёнларини эмпирик тарзда алоҳида ўрганиш америкадаги университетларга хам кириб борди. 1920 ва 1940-йилларда Чикаго мактабининг сиёсатшунослик фанига қўшган асосий ҳиссаси қуйидаги хисобланади: аниқ вазият мисолида эмперик изланишлар орқали сиёсий билимни ривожланиши миқдорий метод, фанлараро ва илмий тадқиқотлар кўмагида ташкил топиши мумкин. Бошқа муаллифлар эса Чарлз Мерриам “Сиёсий фаннинг бугунги ахволи” номли китоби мазмунидан келиб чиқа бошлашди. ХХ асрнинг 20-йилларида Мерриам тамонидан асос солинган Чикаго мактаби сиёсий муаммоларни ўрганишда эмперик тадқиқотларни сифатига бўлган талабларни ошишига, уларнинг ҳулосаларини ишончлилигига ва институционал ўлчамларни ривожланишига катта хисса қўшди.

Ч.Мерриам ўз замонасининг сиёсатшунослик соҳасида новатор олими бўлишига Чикаго шахрининг шиддат билан ривожланиши катта туртки берди. ХХ асрнинг бошларида Чикагода маданият ривожланиши ва олимнинг илмий соҳа билан сиёсий карьераси катта рол ўйнади. Мерриямнинг юқори сиёсий даражага эришиш ва “Ўрта Ғарбнинг Вудро Вильсони” бўлиш деган умидлари 1919-йилда Чикаго мэри лавозимига сайловларда ютқазгандан сўнг пучга чиқди. Шу билан бирга у ўзини оддий академик карьераси билан чекланмади. Шаҳар бошқаруви сиёсати, уруш давридаги пропаганда ва халқаро муносабатлар сохаларидаги тажрибаси уни қарашларини сиёсий тадқиқотларнинг янги йўналишларига нигоҳ солишга ундади. 1931-йили Италиядаги «ижтимоий маълумотлар» сохасига оид лавозимидан кетиб Чикаго университига қайтгач, у ўз ниятлари акс этган «Янги жиҳатлар» номли ўзига ҳос декларацияни нашр этди ва Чикаго таълим департаменти қошида турли тадқиқот дастурлари билан машғул бўлди; бу амалиётларни «янги ишланмалар мактаби» деб бахолай бошлашди. Мерриамни тўла қонли фан новатори деб номласа бўлади: аввалига у Чикаго университети қошида асосий мақсади ушбу олийгох олимларининг истиқболли дастурларни қўллаб қуватлаш ва молиялаштириш бўлган Ижтимоий фанлар тадқиқотлари Комитетини тузди; кейинчалик эса худди шундай мақсадда, аввалги Комитетга ўхшаш бўлган, факат миллий Кенгашга асос солди.    

Чикаго университетидаги биринчи катта илмий-тадқиқот изланишлар дастури 1921-йили Мерриам бошчилигида диссертациясини йоқлаган, хамда 1923-йил унинг ассистенти лавозимига тайинланган Гаролд Госнел бошчилигида олиб борилган эди. У 1923-йилдаги Чикаго мэри сайловларида олти минг сайловчилар сиёсий қарашларини ўрганишда Мерриам билан ҳамкорлик қилган эди. Улар ўз саралаш ишларини Чикагонинг асосий демографик гуруҳларнинг асосий тавсифларини хисобга олишга ёрдам берувчи назорат квоталаш асосидаги «эҳтимолий танланма» бошланишидан аввал тугатишган эди. Сўровларни Мерриам ва Госнел тамонидан тайёрланган Чикаго университетининг тўртинчи босқич талабалари ўтказишган эди. Госнел бу тадқиқотларни давом эттирди, ва сиёсатшунослик тарихида биринчи маротаба миллий ва маҳаллий сайловларни фарқини топиш мақсадида йўналтирилган ташвиқотларни таъсирини аниқлашга қаратилган эксперимент бўлиб ўтди. Госнел тамонидан қўлланилган ушбу экспериментнинг усули жуда ҳам жиддий эди: эксперимент иштирокчилари ва тафтиш гурухлари синчковлик билан танланар эди, сўров қилинувчилар турли хил йўллар билан рағбатланар эдилар, қўлга киритилган натижалар ўша вақтнинг энг олди статистика методлари орқали таҳлил қилинар эдилар. Шундан сўнг Госнел шундай эспериментга қўл урган сиёсий фан сохасидаги биринчи мутахассис сифатида, ушбу экспериментга ўхшаш тадқиқотларни Англия, Франция, Германия, Бельгия ва Швейцарияда ҳам амалга оширди.

Гаролд Лассуэл (1902—1978) Иллинойс штатининг кичик шаҳарчасида туғилган, жуда иқтидорли олим бўлиб, Мерриамнинг тизимларини сиёсий психологияда моҳирона қўллай билди. 1927-йилдан 1939-йилгача сиёсатнинг хали очилмаган ва ўрганилмаган жиҳатларини очиб берувчи олтита китобни нашрдан чиқазган. Ушбу монографияларнинг биринчиси ҳисобланган «Жахон урушида пропаганда усуллари» китобида омавий коммуникатив жараёнларини ўрганиш методлари илмий иборасини фанга янгилик сифатида олиб кирди.

Ушбу асар оммавий ахборот, пропаганда ва жамият билан алоқа соҳалари хақидаги янги турдаги бошланғич илмий манбаъга асос солди. Унинг иккинчи «Психопатология ва сиёсат» (1930) номли монографияси баъзи руҳий касалликларга эга бўлган конкрет сиёсатчиларни фаолиятини таҳлилига асосланган «чуқур сиёсий психологик» тадқиқот намунаси эди. Учинчи «Жахон сиёсати ва шахсий ҳимоясизлик» (1935) номли китобда шахснинг сиёсий хулқининг баъзи жиҳатлари ва психологик асослари, сиёсий режимлар ва сиёсий жараёнларнинг турли ҳил типлари хақида гапирилган. Лассуэлнинг тўртинчи машхур «Сиёсат: ким, нима, қачон ва қандай олади» (1936) асари сиёсий назариянинг қисқача баёни бўлиб, унда асосий эътибор фойда, обрў ва хавфсизлик каби қадриятлар учун ўзаро  рақобат қилаётган элиталарнинг муносабати хақида эди. 1939-йилда олим яна бир «Жахон революция пропагандаси: Чикаго тадқиқоти» номли китобни нашр қилади. Унда Блуменсток билан биргаликда жаҳон иқтисодий инқирозининг Чикаго ишсизлари орасидаги сиёсий ҳаракатларга бўлган таъсирини, макро ва микро омилларни маҳаллий, миллий ва халқаро даражалардаги сиёсатга қилган ўзаро таъсирига боғлаган ҳолда, ўрганди. У  комплекс физиологик ва эмоционал-фикрий жараёнларни лаборатория таҳлил усулларини қўллаб ўрганган биринчи тадқиқотчи бўлди. Айнан шу даврда Лассуэлл ўз экспериментлари натижалари ўлароқ, бир нечта мақолаларни чоп этиб, уларда сиёсий арбоблардан олган интервьюлар, уларнинг томир уриш кўрсаткичлари, қон босими, мушак кескинликларини тахлил қилган ҳолда, уларнинг мақсадлари, эмоционал ҳолати, сўзлаши ва физиологик параметрларининг ўзаро боғлиқлигини кўрсатиб берди.

Мерриам, Госнел ва Лассуэл билан бир қаторда уларнинг хамкасблари, халқаро муносабатлар билан шуғулланган Кинси Райт ва ижтимоий бошқарув мутаҳассиси бўлган Л.Д. Уайтлар ҳам ижтимоий фанлар соҳасида «Чикаго революциясини» амалга ошириб Чикаго мактабини юқори мартабага кўтарган олимлар бўлишган.

Брукингс институти

АҚШдаги биринчилардан очилган ва энг таъсири кучли бўлган «ақл марказларидан» бири бу Брукингс институтидир. Брукингс 1916-йил ташкил топган бўлиб, федерал даражадаги давлат муаммоларини хар тамонлама таҳлил қилишга қаратилган биринчи ҳусусий тадқиқот ташкилоти ҳисобланади.

Ташкилотнинг асосчиси машҳур филантроп ва муваффақиятли тадбиркор Роберт С. Брукингс (1850-1932 йиллари) бўлган. У 1916-йилда ўз маслакдошлари билан биргаликда АҚШдаги биринчи ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги муммоларни ўрганадиган ҳусусий таҳлилий марказни очишга киришади. Янги давлат тадқиқотлари Институти давлат хизматини самарали реформа қилишда ва давлат бошқарувида илмий методларни ишлатишда бош ёқловчи бўлди.

Секин-аста Р. Брукингс иккита бир-бирига боғлиқ ташкилотларни очди: 1922-йилда Иқтисодиёт институти ва 1924-йилда Постбакалаврлик мактаби. 1927-йилда ушбу институт ва мактаб бирлаштирилиб хозирги кунгача фаолият кўрсатиб келаётган Брукингс институтига асос солинган. Расмий ваколатларига мувофиқ институт иқтисод, давлат бошқаруви, сиёсий ва ижтимоий соҳаларда тадқиқотлар олиб бориб уларни хулосаларини кенг оммага тарғиб қилиши керак.

Институт турли хил соҳаларда ҳукумат сиёсатини ишлаб чиқишда тез-тез муҳим ролни ўйнай бошлади. Жумладан, «Буюк депрессия» даврида институт иқтисодчилари ушбу кризисни вужудга келишини асосий сабабларини ўрганишда жуда катта ҳисса қўшганлар. Юқоридаги тадқиқот президент Ф.Рузвелт хукумати тамонидан молиялаштирилган эди. Кўп вақт ўтмай, институт президенти Г.Молтон бошчилигидаги  олимлар Рузвелтнинг «Янги йўналишини» кризисдан чиқиб кетишга имкон бермасликда айблаб чиқишди. Иккинчи жахон уруши йиллари эса, Брукингс тадқиқотчилари иқтисодни мобилизация қилиш методлари ва йўлларини, хамда харбий релсга қўйиш йўриқларини ўрганишган. Уруш тугагач Брукингс эксперти ва бир вақтнинг ўзида Давлат департаментида ишлаган Лео Пасвольский БМТнинг низомини тузишда муҳим рол ўйнаган. 1948-йилда Брукингс Институти Ғарбий Европанинг урушдан кейинги иқтисодиётини тиклашга қаратилган Маршалл режасини тайёрлашда ўта муҳим таъсир кўрсатган.    

Институт ривожининг муҳим босқичлари 1950-йилларга тўғри келди. Бу даврга келиб Брукингснинг янги президенти Роберт Калкин институтнинг тузилмасини такомиллаштириб уни уч катта бўлимларга бўлади, булар – Иқтисодий тадқиқотлар, Давлат бошқаруви ва Ташқи сиёсий дастурлар. Ўша йиллари Институтнинг молиявий аҳволи хам мустахкамланди: институт Рокфеллер ва Форд фондларидан катта миқдорда грантлар ола бошлади.

1960-йилдаги президент сайловлари олдидан Брукингс институти давлатнинг тинч холатидаги муҳим муаммоси саналган хукуматни бир президент қўлидан иккинчисига тинч ўтиши чораларини ўрганишга катта ҳисса қўшган. Ушбу изланиш 1960-йилда президентликка номзодлар Жон Кеннеди ва Ричард Никсонларнинг  сайловолди курашларининг авжида Брукингс эксперти Лорин Хенри тамонидан бажарилган эди. 

1960-йиллар охирлари ва 1970-йиллар давомида институтнинг янги президенти Кермит Гордон бошчилигида мамлакатнинг ривожланишини миллий устувор йўналишларини ишлаб чиқишга қаратилган тадқиқотлар серияларини ўтказади. Айнан 1970-йилларда Институт тадқиқотларни молиялаштиришда катта рол ўйнаган кўплаб давлат буюртмаларини қўлга киритган.

Тадқиқотларнинг муҳим босқичи 1971-йилда бошланган давлат бюджети муаммоларини ечимини ишлаб чиқиши хисобланган. Уч йилдан сўнг айнан Брукингс институти Конгрессда Бюджет масалалари бошқармасини ташкил этиш фикрини химоя қилиб чиқган. Ушбу бошқарманинг биринчи бошқарувчиси эса Брукингснинг машхур иқтисодчиси Эллис Ривлин бўлган.      

1980-йилларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг салмоғини ортишига ва интеллектуал қарама-қаршиликларнинг кучайишига дуч келди. Бу даврга келиб инстиут ходимлари бюджет дефицити, давлат бошқарувининг савияси пасайиши ва миллий хавфсизлик каби масалалар билан шуғулланишган.

Булардан ташқари Брукингс институти солиқ реформасини ишлаб чиқишда катта рол ўйнаган. Шу жумладан, 1980-йилларда машхур иқтисодчи Жозеф Пекман бошчилигидаги тадқиқот натижасида 1989-йилда АҚШ иқтисодиётига катта таъсир кўрсатган «Солиқ реформаси тўғрисидаги» қонун қабул қилинган. Қонуннинг қисқача мазмуни аҳолининг даромад солиқлари ва корпорацияларнинг фойда солиқлари камайтирилишидан иборат бўлган.

1995-йилда Брукингсга янги сайланган президент Майкл Армакост олимлар фаолиятини XXI асрда долзарб хисобланган янги муаммоларнинг ечимига йўналтира бошлади. Бу вақтга келиб институтда янги фанлараро марказлар ташкил этила бошладилар, жумлдан, Урбанистика муаммолари ва шахар сиёсати маркази, Шимолий-шарқий Осиё маркази.

1990-йилларда федерал даражадаги хукумат штатларга ва шаҳарларга ижтимоий дастурларни амалга ошириш учун катта хуқуқларни тақдим эта бошлади. Штатлар, шахарлар ва махаллий хокимиятларни ижтимоий соҳадаги ролини кучайтириш учун қаратилган механизмлар айнан Брукингс тамонидан ишлаб чиқилган эди. 1996-йили Конгресда қабул қилинган ва президент Б.Клинтон тамонидан имзоланган янги ижтимоий қонунчиликни, шунингдек оила муаммолари ва болаларнинг аҳволи миллий сиёсатини яратишда Брукингс экспертларининг улуши беқиёс эди.

Солиқ қонунчилигига кейинчалик Брукингснинг иқтисодчилари Билл Гейл ва Мэри Иврилар ўз ҳиссаларини қўша бошладилар. Уларнинг ишлари АҚШнинг кам даромад топувчи аҳоли қатламларининг молиявий аҳволини яҳшилашга қаратилган эди.

2000-йилларнинг бошларида фанлараро тадқиқодлар давом этиб, кучая бошлади. 2002-йилда янги президент келганидан бошлаб янги Яқин-шарқ тадқиқотлар маркази ва Хитой тадқиқотлар марказлари ташкил этилади. 2006-йилда Брукингс Хитойда Америка-Хитой марказини, 2007-йилда эса Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этиш марказини ва Қатарнинг Доха шаҳрида илмий-тадқиқот марказларига асос солади.

Шундай қилиб, Брукингс кўптармоқли тадқиқот маркази бўлиб, иқтисодий, ижтимоий ва ташқи сиёсий йўналишларда изланишлар олиб боради. Институтнинг асосий мақсадлари – «уч йўналишда инновацион ва амалий тавсиялар беради: америка демократиясини ривожлантириш; америкаликларнинг ижтимоий ва иқтисодий хавфсизликларини таъминлашга кўмаклашиш; халқаро муносабатларни очиқ ва хавфсиз ривожланишини таъминлаш».[3]

2001-йилнинг сентябрь ойидаги террорчилик хужумлари янги террорчилик хужумларини самарали олдини олиш стратегияларига талабни кучайтирди. Шу ўринда, институт тамонидан ички хавфсизлик тизимларини такомиллаштириш ва террорчилик хатарларини олдини олишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқарган.

Институт ўз ходимларини объектив ёндашувига алоҳида урғу бериб, тадқиқотлари хар қандай ғоявий таъсирлардан мустасно эканлигини таъкидлаб келади. Бундай позицияга қарамасдан Брукингс тадқиқотлари кўпгина холатларда ўнг ва консерватив сиёсий кучларга қарама-қарши эканлигини хисобга олсак, улар чап-марказий сиёсий қарашларга яқин эканини пайқашимиз мумкин.

***

Дунё сиёсатшунослик тафаккурлари мактаблари ва марказлари хақида хали кўп давом этиш мумкин. Албатта ушбу маърузанинг хажми уларнинг барчасини ўзига сиғдира олмайди. Биз учун бу муаммонинг фан ва сиёсат учун жиддийлигини таъкидлаш муҳим эди. Мақоламиз давомида, биз изланаётган соҳага алоқадор яна бир нечта қизиқарли жахон илмий марказлари хақида сўз юритамиз.

Дунёнинг ривожланган давлатларида ақл марказлари ва фикр фабрикалари маълумотларни қайта ишловчи, янги билимларни ва таклифларни тадбиқ этувчи юқори нуфузли ташкилотлар ҳисобланадилар. Хозирги кунда ривожланган давлатларда ўнлаб ва юзлаб шундай ақл марказлари иш юритмоқдалар.

Дунёда яна қуйидаги марказлар машҳур хисобланадилар:

АҚШда – Стратфор, АҚШ халқаро муносабатлар кенгаши, Жеймстаун фонди, Миллий демократия фонди (NED), Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) ва кўплаб бошқалар;

Буюк Британияда – Chatham House, RUSI, Лондон иқтисодиёт мактаби ва бошқалар;

Францияда – SciencePo, Стратегик тадқиқотлар фонди (Fondation pour la Recherche Strategique), Reseau Asie ва бошқалар.;

Россияда – Россия халқаро муносабатлар кенгаши, ПИР-маркази, Стратегик маданият фонди, ИНДЕМ фонди ва бошқалар;

Хиндистонда – Мудофаа тадқиқотлари ва таҳлил институти (IDSA), Фуқаролик жамиятини ўрганиш маркази (CCS).

Бундан ташқари, хусусий ва миллий марказлардан ташқари янги билимларни ишлаб чиқарувчилар қаторига халқаро тадқиқод марказлари хам киради, масалан: Ж. Маршалл номли Европа стратегик тадқиқодлари маркази, Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI), Женева хавфсизлик сиёсатини ўрганиш маркази (GCSP), НАТОнинг мудофаа коллежи (NDC), Халқаро стратегик тадқиқотлар институти (IISS), Халқаро Осиё тадқиқотлари институти (IIAS) ва х.к.

Бизнинг минтақамиз хисобланган Марказий Осиёни ўрганишга йўналтирилган марказлар ҳам муҳим ўрин тутади. Булар, Вашингтондаги Марказий Осиё ва Кавказ институти (CACI), Дж. Вашингтон университети қошидаги Марказий Осиё Дастури, Марказий Евроосиё тадқиқотлари жамияти (CESS), Европа Марказий Осиё тадқиқотлари маркази (ESCAS), Европа иттифоқининг Марказий Осиё мониторинги (EUCAM), Франциянинг Марказий Осиёни ўрганиш институти (IFEAC).

Баъзида биз ўзимиз ва минтақамиз хақида юқоридаги чет эл мамлакатлари таҳлилий марказларининг қизиқарли тадқиқотлари орқали билиб оламиз. Масаланинг янада муҳим тарафи шундаки, ушбу тадқиқотлар ташқи дунё биз хақимизда қандай фикрда, қандай тасаввурда эканини ва улар бизнинг муаммоларимиз бўйича қандай таклифлар беришини кўрсатиб турибди. Биз ўзимиз тарафдан нима таклиф бера оламиз? 

2-қисм. Ўзбекистонда сиёсатшунослик ютуқлари ва муаммолари

Гарчи Ўзбекистонда сиёсатшунослик илмий ва академик йўналиш сифатида 20 йилдан ортиқ ривож топаётган бўлса-да, сиёсий тафаккур ва билимлар ўзбек жамиятида бир неча аср даврни қамраб олади. 19-аср охири ва 20-аср боши замонавий сиёсий ғоялар ва концепцияларни ишлаб чиқишда жуда сермаҳсул давр бўлди. Мазкур муҳим давр ичида дастлабки сиёсатшуносликка оид бой ва антиқа маълумотлар тўпланди. Ўзбек сиёсатшунослиги тарихида сезиларли из қолдирган муҳим ва қизиқарли ғоялар ва назариялар мавжуд эди, ҳусусан улар ўзбек жамиятининг модернизацияси муаммолари бўйича мулохазаларда ўз аксини топди.

Ўзбекистон ҳудудида сиёсий хаётни идрок этиш ва замонавий талқинда сиёсатни шаклланиши аслида Оврупо цивилизацияси (Руссия империяси қиёфасида) билан тўқнашиши ва суверенитетни йўқотиши ҳамда ўзбек жамиятини капиталистик муносабатларга кириб боришидан бошланди. 19-аср охирида ўзбек миллати тараққиёти истиқболларини муҳокамси зиёлилар орасида иккита мафкуравий оқимларни юзага келишига сабаб бўлди, бу жадидлар ва қадимчилардир, уларнинг аҳамияти бугунги кунда ҳам сақланиб келмоқда.

Тўғри сиёсий тузум, ҳокимият табиати, давлатнинг роли ҳақидаги у ёки бу ғояларни жадидлар ва қадимчиларнинг асарларида ҳам, ўша даврдаги даврий матбуот саҳифаларида ҳам учратиш мумкин. Жадидлар тараққийпарварлиги кўпинча энг яхши ҳорижий тажрибадан нусха кўчириш шаклидаги ўзгаришларга, ёрқин келажакка интилишга йўналтирилган эди. Жадидларнинг дастлабки тараққийпарварлиги кўпинча Ўзбекистонда “цивилизациялашган мамлакатлар”дагидек сиёсий тизимни барпо этиш тезиси орқали ғарбпарастлик шаклида (Усмонийлар ва Руссия империялари орқали) намоён бўлган бўлса-да, сўнгра ўзларининг назарий ишламларининг унсурлари пайдо бўлди (булар Бухоро Халқ Совет Республикасида ўз ифодасини топди).

Шу билан бирга, охирги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда ўзининг консерватив тафаккури ҳам ривож топган, чунки ўзбек жамиятининг модернизацияси масалалари ечимини консерватив (ҳимоя қилувчи, Бухоро Амирлиги мисолида) мафкурасига мансуб бўлганлар, яъни қадимчилар, ҳам излаган. Барча консерваторлар каби,  қадимчилар тезкор ўзгаришларга қарши чиқишган. Аммо бу улар ўзгаришларга мутлақо қарши дегани эмас. Консерватор ҳаракатлари ҳам бир хилда бўлмаган. Масалан, ички қарама-қаршиликлар сабаб “Шўраи уламо” консерватор партиясидан “Уламолар иттифоқи” сиёсий ҳаракати ажралиб чиқди.

Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий фикр фақат жадид ва қадимчилар ғоялари билан чекланмаган. Ўзбекистон сиёсий арбоблари XX-асрда да социалистик мафкурага ҳам ўз хиссасини қўшишган.  Махаллий ахоли орасида социалистик ғояларни тарғиб қилиш мақсадида Туркистон мусилмон коммунистик ташкилотлари марказий кўмитаси (Мусбюро) ташкил этилди. Айнан Мусбюро раиси Турар Рисқулов «исломий-социалистик мафкураси»ни ишлаб чиқади. Мазкур ғоя болшевиклар мафкурасини «миллатлаштириш»га ёрдам бериб, ўзида марксизм ва ислом элементларини жамлаган эди. Марксизм-ленинизм назарияси ўз навбатида Турар Рисқуловга «мусилмон коммунизми»нинг мустамлакачиликка қарши курашида бошланғич нуқтаси бўлиб хизмат қилди.   

Совет даврида Сиёсий фанлар Совет Уюшмаси (САПН) ташкил этилган. 1960-йилларда САПНнинг Ўзбекистон бўлими раиси бўлиб таниқли олим, профессор, юрист-давлатшунос Ишанов Атабай Ишанович фаолият олиб борган.

Ўзбекистонда замонавий сиёсатшунослик фани 1990 йилларнинг бошларида ривожлана бошлади. Совет Иттифоқи парчалангандан кейин республиканинг мустақилликка эришиши бу илмий йўналишни ривожи учун рамзий аҳамият касб этди. 1993 йилдан бошлаб мамлакатнинг барча олий ўқув юртларида алоҳида фан сифатида ўқитила бошланди. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва Ўзбекистон Миллий университетлари биринчи политолог кадрлар тайёрлаш маскани бўлиб хизмат қилди.

ЖИДУ, ЎзМУ ва бошқа университетлари ўзининг бутун фаолияти давомида сиёсатшунослар ва халқаро муносабатлар бўйича мутахассисларнинг бутун бир авлодини тайёрлаб етказишди. Бугунги кунда, Ўзбекистонда ўнлаб сиёсий фанлар номзодлари ва докторлари фаолият олиб боради. Уларнинг бу фанга қўшган ҳиссаси, албатта, турличадир. Бундан ташқари, уларнинг илмий тақдири ҳам турли йўллар билан ривожланган. Уларнинг орасида тўртта тоифаларни ажратиб кўрсатиш мумкин 1) ўз касбининг истиқболларини кўрмайдиган, ўз фаолияти доирасини ўзгартириб, бу фанни тарк этганлар; 2) чел элларда турли хил халқаро дастурлар бўйича илмий ўсиш имкониятларини топиб, мамлакатни тарк этганлар; 3) турли хил қийинчиликларга қарамасдан, жумладан, сиёсий фанлар бўлимларини ёпиш ва мамлакатда сиёсий тадқиқотлар учун талаб йўқлигига қарамасдан мамлакатда ўз илмий фаолиятини давом эттирадиган; 4) сиёсий конюктурага мослашган ва «илмий» фаолияти узил-кесил ва нотўғри, псевдо-илмий ишларга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллик йилларида сиёсий фанлар тараққиётини ўрганиш мақсадида биз сиёсий фанларда ҳимоя қилинган докторлик ва номзодлик ишларини статистика нуқтаи назаридан таҳлил қилишга ҳаракат қилдик. Маълумотлар Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонаси базасидан олинган. Фақатгина кутубхонанинг электрон картотекасида номзодлик диссертациялари мавжуд бўлиб, докторлик диссертациялари бўйича ишлар йўқ. Шундай қилиб, маълумотлар 1996 йилдан 2012 йилгача (яъни сиёсатшунослик фани расмий ёпилишидан олдин) даврни ўз ичига олади, уларнинг умумий сони 91 та номзодлик диссертациясини қамраб олади.

Биз номзодлик диссертациялари тадқиқот мавзулари таҳлилини уч босқичга ажратдик.

Тадқиқотнинг биринчи босқичи

Тадқиқотнинг биринчи босқичида биз Ўзбекистонда янги очилган сиёсий фанлар бўйича кенгашнинг ишини таҳлил қилдик. Ўзбекистонда «Сиёсатшунослик» йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлаш «Сиёсат назарияси ва фалсафаси», «Сиёсий институтлар ва жараёнлар», «Сиёсий маданият», «Ташқи сиёсат ва халқаро муносабатлар» каби йўналишларга бўлинган. Ушбу йўналишларга мувофиқ, шу тўртта профил бўйича ишлар таҳлил қилинди:

1-расмда. номзодлик диссертацияларининг ярмидан кўпи (64%) ташқи сиёсат ва халқаро муносабатлар йўналиши бўйича ҳимоя қилинганлигини кўриш мумкин. Энг кам фоизларда сиёсий маданият йўналишида 3%, сиёсат назарияси ва фалсафаси бўйича 5% илмий ишлар ҳимоя қилинган. Илмий ишларнинг учдан бир қисми сиёсий институтлар ва жараёнлар йўналишида (28%) ёзилган. Мазкур ҳолат шуни англатадики, сўнгги 17 йил ичида, 2012 йилга қадар Ўзбекистонда сиёсий фанлар ривожланишида, асосан, давлатнинг ички муаммоларига эмас, ташқи сиёсат масалалари бўйича тадқиқотлар кўпроқ олиб борилган. Шунинг учун, бугунги кунда Ўзбекистонда сиёсий фанлар ички сиёсат масалалари бўйича тадқиқотларга муҳтож. Бундан ташқари, бизда жуда кўп қатъий назарий, контцептуал ва услубий илмий ишлар мавжуд бўлиб, улар ҳар қандай тадқиқотнинг асоси бўлиб ҳизмат қилиши мумкин. Шунинг билан бирга, тадқиқотларимиз жаҳон илмий жамоатчилиги қўллайдиган янги замонавий тадқиқот ва инновацион методологиялардан ортда қолмоқда.

Тадқиқотнинг иккинчи босқичи:

 Асосий илмий ишларнинг халқаро муносабатлар йўналиши бўйича ёзилганлиги боис уларни географик хусусиятлар, яъни минтақавий ва давлатлар даражасида таҳлил қилишга ҳаракат қилдик.

илмий ишларнинг учдан бир қисми (36%) Ўзбекистон билан боғлиқ ҳолда ёзилган. Ишларнинг 20% Марказий Осиё минтақаси муаммоларига тегишлидир, 7% Европа мамлакатлари, Яқин Шарқдаги муаммолар – 8%, Жанубий Корея, Япония, Хитой ва Эронга бағишланган ишлар 4 % ни қамраб олади. Россия ва АҚШ муносабатларига бағишланган ишлар фақатгина 1% ва Ироқ, Ҳиндистон, Покистон муаммолари 1% ни қабраб олади.

Тадқиқотнинг учинчи босқичи:

Ушбу босқичда тадқиқот ишлари, хусусан: интеграция, ахборот маконини, ядро қуролини тарқатмаслик, энергетик хавфсизлик, терроризм, Марказий Осиёда хавфсизлик, кадрлар сиёсати, жамият ва институтларни демократлаштириш, экология, инсон ҳуқуқлари, халқаро ҳуқуқ, таҳдидлар каби соҳалар бўйича тадқиқотлар, тарихий ва сиёсий тадқиқотлар, ёшлар сиёсати ва таълим, иқтисодий сиёсат, қадриятлар ва сиёсий маданият каби йўналишларни ўз ичига олади.

Юқоридаги диаграммада ишларнинг аксарияти жамият ва институтларни демократлаштиришга қаратилганлиги – 18%, интеграция – 10% деб белгиланган. Агар хавфсизлик масалаларини умумий жиҳатдан кўриб чиқадиган бўлсак муаммоларини (ахборот майдони, терроризм, МО хавфсизлиги, таҳдидлар) умумий ҳисобда 30 фоизи хавфсизлик масалаларига бағишланганлигини эътироф этиш лозим. Ишларнинг 5% энергия хавфсизлигига таълуқлидир. Инсон ҳуқуқлари фақатгина 5% ишларда кўриб чиқилган; Ишларнинг 3% халқаро ҳуқуқ мавзуларига боғлиқ. Иқтисодий сиёсат, қадриятлар ва сиёсий маданият каби долзарб муаммолар фақатгина 8 фоизга тўғри келади. Ёшлар сиёсати ва таълим соҳаси фақатгина 5%, экология муаммолари диссертацияларнинг 3% да қамраб олинади.

Агарда, диссертациялар, китоблар, илмий мақолалар ва б.ларнинг илмий аҳамияти ҳақида гапирганда уларни ўрганиб чиқиш лозим.

Иллюстрация мақсадида биз турли даврларда олиб борилган қизиқарли диссертациялардан танлаб олинган бир нечта парчаларни тақдим этамиз.

Фарҳод Толипов «Глобал сиёсий ривожланиш жараёнида Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатлари контсепциясини шакллантириш» (1997):  «Тарихнинг муайян босқичида шаклланган миллат маданий, сиёсий, жисмоний  жиҳатдан ўзгармас константа эмас, балки у индивидлардан ташкил топган жамоа бўлиб, уларнинг яшаш тарзи ва ҳусусиятлари улар ўзларини миллат аъзоси сифатида, яъни ўзлигини англашга таъсир қилувчи тарихий вақтга боғлиқдир.

Миллий манфаат тушунчаси, миллатнинг мавжуд ёҳуд келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган сиёсий воқеликка нисбатан бўлган актуал ёки потенциал муносабати сифатида белгиланади; ушбу муносабат муайян қарорларни қабул қилишдан олдин шаклланади ва мазкур воқеликни (статус-кво) сақлаб қолиш ёки ўзгартиришга қаратилган миллий вазифани ҳал қилиш учун миллий ҳаракатларга сабаб бўлиши мумкин.

«Ўзбекистоннинг минтақавий, субглобал ва глобал миқёсидаги миллий манфаатлари, тинч-осойишта фаолият юргизиш концепциясига асосланган ҳолда, ўзининг қудратини ошириш ва сиёсий субъектлигини тасдиқлаш орқали Марказий Осиё интеграциясига эришиш ва халқаро сиёсатда фаол иштирок этишдан иборат”.

Абдусамат Хайдаров «Эрон Ислом Республикасининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё» (1997): 

«Теҳрон СССР таназзулга учрагандан кейин Марказий Осиё мамлакатларида юзага келган мафкуравий вакуумдан фойдаланиб, ўзининг сиёсий, иқтисодий ва диний таъсирини ўтказишга ҳаракат қилди. Эрон минтақа мамлакатларига сиёсий-иқтисодий ёрдам бериш орқали мазкур бўшлиқни тўлдириш ва минтақавий куч марказига айланиш каби нотўғри асосга таянди. 

Бобир Тухтабоев «Янги индустрлашган давлатлар тараққиётининг сиёсий омиллари ва муаммолари” (1999):

«Осиё аждарлари» нинг ёрқин иқтисодий ютуқлари Ғарб либерал эркин бозор муносабатларига асосланган назариясини шубҳа остига қўйди … Осиё аждарлари деб номланган давлатларда юқори иқтисодий ўсиш охир-оқибат Ғарб мамлакатларининг тарихий тажрибасини такрорланишига олиб келди. Натижада, бу Осиё мамлакатлари жамиятларида ҳам демократик қадриятларнинг мустаҳкамланиши ва уларнинг ижтимоий-сиёсий тизимларида тўлиқ демократлаштириш жараёнлари бошланди. «

Назокат Қосимова «Америка Қўшма Штатлари минтақавий интеграция жараёнларида. Сиёсий-иқтисодий масалалар «(2001 й.): «Умуман олганда бутун жаҳон иқтисодиётида интеграция жараёнлари ўзаро алоқадорлик ва ҳамкорлик асосига таяниб келади ҳамда ҳар доим миллатчилик ва протектонизм тенденцияларига дуч келади.

Назокат Қосимова «Глобаллашув жараёнида иқтисодий дипломатия».

Л.М. Каписа. – Москва: МГИМО, 2009:

Глобаллашув – бу фақатгина ташқи контекстни ўзгартирадиган жараён бўлиб қолмасдан, балки умуман давлат ва сиёсий жамоаларнинг табиатига таъсир этувчи муҳим омилдир. Бу эса қарама-қаршиликларни келтириб чиқаради:

  • умуминсоний ва миллий-этник манфаатлар ва хусусиятлари,
  • миллий чегараларнинг эврилиши ва халқлар ҳамда ижтимоий жамоаларнинг ўз тақдирини белгилаш истаги билан;
  • интеграция ва фрагментация ўртасида;
  • цивилизацияларнинг мувофиқлиги ёки номувофиқлиги муаммосининг кучайиши;
  • гомогенлашув ва диверсификация қилиш ва ниҳоят,
  • давлат суверенитети ва глобал савдо ва иқтисодий режимларни яратиш зарурияти.

Парамонов Владимир: «АҚШнинг Марказий Осиёдаги геостратегияси» (2002):»… республиканинг географик, табиий, транспорт ва демографик салоҳияти нафақат мамлакатдаги, балки минтақадаги вазиятга ҳам катта таъсир кўрсатади. Бу Ўзбекистоннинг Марказий Осиё миқёсида алоҳида тизим яратиш функциясида яққол намоён бўлади. Республиканинг барқарорлиги ва ривожланиш даражаси бутун Марказий Осиё минтақасининг ривожланиши ва барқарорлигини белгилайди… Қўшма Штатларнинг бутун республика ва Марказий Осиёга бўлган узоқ муддатли манфаатларининг қай даражада бўлиши кўп жиҳатдан Ўзбекистоннинг ички ва ташқи ривожланишининг қай даражада ҳал этилишига боғлиқ.

Зайнаб Мухаммад-Дост “Оврупода ва Марказий Осиёда минтақавий интеграцион жараёнларнинг қиёсий таҳлили. ОИнинг тажрибасини Марказий Осиёда жорий этиш имкониятлари” (2004):«Кўплаб муаллифлар томонидан билдирилган Марказий Осиё интеграциясига нисбатан ишончсизлик минтақавий хавфсизлик муаммоларини мамлакатларни бир биридан бўлувчи омил деб бахолашдан келиб чиқади. Бироқ, мазкур муаммолар бирлаштирувчи омил сифатида ҳам кўрилиши мумкин. Оврупо Иттифоқининг тарихий илдизлари иқтисодий фойда ва хавфсизлик манфаатлари билан боғлиқ бўлган. АҚШ Оврупонинг нафақат иқтисодий тикланишини истарди, балки тинчиликни сақлашни ҳам. Демак, хавфсизлик Маршалл Режасида ҳал қилувчи рол ўйнади. Айнан шундай ёндошувни Марказий Осиёга ҳам қўллаш мумкин. Интеграция нафакат иқтисодий тараққиёт, балки барқарорлик ҳамдир”.

Равшан Алимов«Марказий Осиё: манфаатлар муштараклиги» (2005): «МОҲТ Марказий Осиё давлатлари ҳар бирининг миллий манфаатларига тўла жавоб берувчи ягона институционал механизм бўлишда давом этади. [МДҲ] маконида шаклланган деярли барча ташкилотлар ҳали аниқ амалий натижаларга эриша олмадилар. Бунинг энг асосий омили сифатида энг жиддий муаммолардан бири – ўзаро қарама-қаршилик ва можаровий туйғусидир. Бу «интеграциядан ким ютди ва ким ютқазди?» қабилидаги қарама-қарши фикрлар билан қамраб олинган илмий-таҳлилий хужжатларда учрайди.

Худди шу жараёнга, интеграциявий жараёнларга салбий таъсир этаётган қандайдир учинчи кучлар ҳам таҳлил қилинади. Бундай баҳслар оҳир-оқибат «интеграция кимгадир қарши эмас, балки халқлар ва давлатлар равнақи учун қилинади» деган сўзнинг моҳиятини бузилишига олиб келади.

Зебинисо Зарипова«Сиёсий модернизациянинг халқаро ва миллий жиҳатлари (Япония мисолида)» (2006): «1990 йилларнинг бошларидан бошлаб Японияда сиёсий жараёнлар аста-секин плюралистик характер касб эта борди, бу эса мамлакат сиёсий ландшафтида бир нечта сиёсий субъектларнинг таъсирини кучайишига олиб келди. «

Элдор Арипов «Глобал ривожланиш контекстида АҚШ Конгрессининг ташқи сиёсий фаолияти жиҳатлари» (2001): «1997 йилдан бошлаб АҚШ Конгрессида Марказий Осиё ва Кавказ муаммоларига, мазкур минтақалар давлатларига қаратилган Америка сиёсатига бағишланган 20 тингловлар бўлиб ўтди… АҚШнинг Марказий Осиё ва Кавказдаги манфаатларини комплекс бахолаш шуни кўрсатмоқдаки, улар стратегик характерга эга… АҚШ Марказий Осиё ва Кавказдаги сиёсатининг устувор йўналлишлари минтақавий ҳамкорлик, диверсификациялашган транспорт ва иқтисодий коридорларни шаклланиши, хавфсизликка бўлган трансмиллий таҳдидларга қарши кураш ва миллий демократик институтларни ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат бўлиб қолади”.

Шуҳрат Ёвкочев «Исломнинг Миср араб республикаси замонавий сиёсий тузумига таъсири» (2009): «Мусулмон дунёсида модернизация ва либераллаштиришга қаратилган сиёсий тизимлар ва режимларнинг ўзгариши охир-оқибат тадрижий асосда уларнинг нисбатан эркин ва очиқ сиёсий рақобатни шаклланишига олиб келди.

Исломдаги замонавий сиёсий концепцияларни қуйидаги турларга бўлиш мумкин: Ислом модернизми, ислом фундаментализми ва учинчи йўл концепцияси. Араб-мусулмон мамлакатлари ривожланишининг қиёсий таҳлили шуни кўрсатадики, исломий омил ижтимоий-маданий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда турли хил шаклларда ўз ифодасини топади.

Муқимжон Қирғизбоев: “Фуқаролик жамияти: генезиси, шаклланиши ва ривожланиши”.-Тошкент: “Ўзбекистон”, 2010. – Б.84: “Кейинги ўн йилликлардаги тарихий ривожланиш тажрибалари шуни кўрсатдики, ҳуқуқий давлат унсурлари шаклланмасдан илгари фуқаролик жамиятини барпо этиш учун имкониятлар ва шарт-шароитлар яратилмайди. Сиёсий тизимда ҳуқуқий давлат қуришга эҳтиёжлар пайдо бўлиши билан бир вақтнинг ўзида фуқаролик жамияти қуришга кучли табиий эҳтиёжлар сезилади. Чунки, ҳуқуқий давлат барпо этиш жараёнлари фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш билан уйғун ҳолда кечмас экан, бу соҳадаги ислоҳотлар ҳам ўз ўрнида депсиниб туравериши, ҳаттоки, орқага қараб кетиши халқаро тажрибаларда бир неча марта ўзини кўрсатган. Бунинг асосий сабаби шундаки, ҳуқуқий давлат қуриш ислоҳотлари фуқаролик жамияти муҳитидан озиқланади, давлат иродаси ҳам жамиятдаги турли туман манфаатлар ва эҳтиёжлар ифодаланишига боғлиқ ҳолда намоён бўлади”.

П.А. Маккамбаев: «Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий вазият ва унинг Марказий Осиё давлатларининг чегаралар хавфсизлигига таъсири» (2013):»… АҚШ ва Россия ўртасидаги давом этаётган геосиёсий рақобат таъсири остида КХШТ Марказий Осиёда НАТОнинг иштирокига қарши туриш учун блок ташкилоти хусусиятини шакллантира бошлади.

Бугун Марказий Осиё давлатларининг қуролли кучлари шакллантирилгандан кейин йигирма йил ўтиб, минтақада коллектив хавфсизликни таъминлаш бўйича вазифаларни ҳал этишга эришиши мумкинлагини такидлаш лозим.

Галия Ибрагимова: «Янги дунё тартибини шакллантириш шароитида глобал ахборот макони» (2012): “Геосиёсий маконда ҳам, информацион маконда ҳам сиёсий маданияти бўйича турли сиёсий акторлар тўқнашади”.

***

Юқорида келтирилган фикрларнинг аксарияти ҳозирги кунга қадар ҳам ўз илмий қийматини йўқотмаган. Шунинг билан бирга, шундай илмий ишлар ҳам мавжудки уларнинг илмийлик даражаси жиддий шубҳа уйғотади. Масалан битта илмий ишда муаллиф шундай ёзади: «1980 ва 90-йилларда жаҳон тарихида муҳим воқеалар содир бўлиб, бунинг натижасида Шарқ ва Ғарб ўртасида зиддият пайдо бўлди. СССР қулади ва Евроосиё қитъасида янги мустақил давлатлар пайдо бўлди.» – Биринчидан, айнан бу даврда Шарқ ва Ғарб ўртасидаги зиддият нисбатан камайиб, «совуқ уруш» тугади; иккинчидан, Совет Иттифоқи бошқачароқ шаклда, яъни ички сабабларга кўра тарқалиб кетди. Муаллифнинг яна бир шубҳали тезиси: «АҚШ каби давлат билан ҳамкорлик бу шунчаки ўзининг ташқи сиёсий ўйинларида АҚШ томонидан ёлланган ижрочи вазифасини бажариш хуқуқига эга бўлишни билдирувчи мажбурий алоқа масаласидир”. – Ушбу тезис ҳам мутлақо асоссиз ва ҳатто маълум маънода бу халқаро тизим ҳақидаги ғояларни бузиш ҳолатидир.

Бошқа бир илмий ишда ҳимояга олиб чиқилаётган янгилик сифатида қуйидаги аксиоматик ғоялар илгари сурилади: «Минтақадаги низоларни, минтақавий муаммолар ва таҳдидларни олдиндан тўхтатишдан кўра уларни олдини олиш анча самаралироқ. Бунинг учун илмий прогноздан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Бунда вазифани амалга оширишга қодир интеллектуал кучларни бирлаштириш лозим бўлади». – Шунинг билан бирга, муаллиф ўзи прогнозлаш услубидан фойдаланишни хоҳламайди.

Тан олиш керакки бундай сиёсий тадқиқотлар бизда жуда кўплаб топилади.

1990-йилларда ва 2000-йилларнинг бошларида, сиёсий фанлар ҳатто «мода» тусига кириб борди; кўпчилик унга илмий даражани осонгина олишлари мумкин бўлган оддий фан деб қарар эди: бу соҳада илмий долзарбликка эришиш учун расмий манбалар ва президент асарларини қўллаш кифоя эди. Сиёсатшунослик модага айланиб бораётганига эътибор қаратиб, олимлар шуни таъкидлашмоқдаки, “профессионал бўлмаганларнинг сони кўпайган сари, янги сиёсатшуносларнинг жаҳон фани ютуқлари билан юзаки таниш бўлгани учун, илмий таҳлил ва фактларни чуқур англаш ўрнига саёз фикрларнинг тарқалиши натижасида ушбу фаннинг обрўси йўқолиб бориши ҳавфи пайдо бўлмоқда”.[4]

Натижада, ўз ижтимоий ёки сиёсий мавқеини ошириш ёки мустаҳкамлаш мақсадида сиёсатшунослик билан (айниқса, давлат хизматчилари орасида) оммавий шуғулланиш бошланди. Ўзбекистондаги сиёсатшуносликнинг ривожланишидаги ютуқ ва муаммоларни танқидий кўз билан қараш асносида, бу соҳада амалга оширилган илмий ишлар орасида ҳам кучли ва ҳам саёз тадқиқотлар бўлганлигини эътироф этиш лозим.

Умуман олганда, замонавий миллий сиёсатшунослик фани, биз кўриб турганимиздек, ўз-ўзидан шаклланган эмас. У ўзининг тарихий аждодларига, шунингдек, ҳозирги кундаги намоёндаларига эга.

2000 йилларнинг бошларида Тошкентда сиёсатшунос олимларнинг республика конференцияси бўлиб ўтди, ва “Ўзбекистонда политология” номли тўплам нашр этилди

Шундай қилиб, мамлакатда сиёсатшунослик фани ривожланишининг аҳамиятига шубҳа билан қарайдиган, танқидчи ва скептикларга жавобан шуни таъкидлаш лозимки, биз нафақат унинг қандай яратилганлигини ва тараққиётини, балки бизнинг миллий сиёсатшуносларимиз унинг ривижланишига ўз ҳиссаларини қўшганлигини ҳам айтиб ўтишимиз лозим.

3-қисм. Сиёсатшуносликнинг қайта тикланиши

Юқорида келтирилган таҳлилдан кўриниб турибдики, биринчидан, сиёсатшунослик ва унга яқин фанлар деярли барча мамлакатларда ривожланмоқда ҳамда ҳар доим унга талаб мавжуд. Иккинчидан, улар Ўзбекистонда зарур. Бундан ташқари, ушбу соҳадаги тадқиқотларни ҳам университетлар миқёсида, ҳам «фикрлар фабрикалари» доирасида ривожлантириш лозим.

Умуман олганда, бугунги кунда ҳукумат қарорларини ишлаб чиқишда ва сифатини таъминлашда аналитик қўллаб-қувватлаши катта аҳамият касб этиб, унда давлат ва нодавлат (мустақил) таҳлилчиларга бўлган талаб механизмини яратиш мақсадга мувофиқ. Турли ақлий марказларидаги экспертларнинг ҳиссаси давлат сиёсатини ишлаб чиқиш жараёнини фақат бойитади.

Машҳур америкалик олим Robert Rayt (RobertWright) ўзининг “Nonzero. The Logic of Human Destiny” номли бестселлерида, овчи ва термачилар ибтидоий жамиятида ҳам овчилик ва теримчилик учун энг яхши жойлар ҳақида маълумот эгаси бўлган ва тарқатадиган норасмий раҳбарлар бўлган. Ривожланган жамиятларда эса ахборот янада кўпроқ аҳамият касб этади. Этакчилар ва раҳбарлар инсоний ресурсларни мақбаралар бунёд этишга сафарбар қилишган. Жангу-жадалларда етакчининг бошчилигида катта ғалабаларни қўлга киритишган. Ва ҳар доим улар бу ишларни ташқи дунёнинг ҳолати ҳақидаги хабарлар асосида бажаришган. Райтнинг таъкидлашича, вазият замонавий бозор иқтисодиётига асосланган дунёсига ҳамоҳанг: «кўринмас қўл» [бозорнинг] энг аввало «кўринмас ақллар»га боғлиқ. Ва ниҳоят, унинг асосий хулосаларидан бири шу бўлдики, инсониятнинг маданий эволюциясида ахборотни қайта ишлаш, сақлаш ва таҳлил қилиш қобилияти энг муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу фикрлар эса, ХXI ахборот асрида дунёнинг ҳар бир мамлакати учун жуда долзарбдир.

Дунёда ва мамлакат атрофида бўлаётган воқеа-ходисалар ҳақида давлат ҳодимларига ким, нимани ва қандай ҳолатда хабар бериши нафақат илмий аҳамиятга, балки ўтиш даври тугатилиб, янги ислоҳотлар даври бошланган шароитда йирик амалий аҳамиятга эга. Сиёсий бошқарувни аналитик қўллаб-қувватлаш учун янги шарт-шароит яратиш ҳам аслида бу ислоҳотларнинг бир қисми дейишимиз мумкин.

Шундай қилиб, сиёсатшуносликни фан ва алоҳида билим соҳаси сифатида тикланиши, ўйлаймизки, ҳеч кимда шубҳа туғдирмайди. Шуни танқидий эътироф этиш лозимки, 2013-2015 йилларда сиёсатшунослик фанини ва у билан боғлиқ кафедра, илмий кенгашларнинг ёпилиши нотўғри қарор бўлди. Эндиликда мазкур илмий йўналишни нафақат қайта очиш, балки, айни пайтда, маҳаллий олимларнинг тўплаган тажрибасидан унумли фойдаланиш, фан доирасида ва уни ўқитишда учраган хато ва камчиликларни ҳисобга олиш ҳам керак.

2017 йилнинг февраль ойида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг 2017-2021 йиллардаги ривожланишнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар Стратегияси”да «илмий-инновацион фаолиятни рағбатлантириш, илмий ва инновацион ютуқларни амалиётга татбиқ этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва тадқиқот марказларини ташкил этишни, илмий ва экспериментал ихтисослаштирилган лабораториялар, илмий-тадқиқот институтлари, юқори технологиялар марказлари, технопаркларни яратиш кўзда тутилган». Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда фан ва таълимнинг турли марказларини яратиш ва ривожлантириш стратегик вазифа бўлиб қолмоқда.

Бу масаланинг ечими эса, тегишли меъёрий, ташкилий ва бошқа механизмлани такомиллаштиришни тақозо этади. Хусусан, НТМ – нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш каби қоидаларни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир, бу ҳолат эса ўз навбатида янги кадрларни тайёрлашга, замонавий билимларни тарқатишга ва мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга тўсқинлик қилиб келмоқда.

Тошкент мактаби тўғрисида

Чикаго ёки Франкфурт ва бошқа мактаблар каби, сиёсатшунослик тадқиқотларининг Тошкент мактабини яратиш долзарб академик вазифа бўлиб қолмоқда. Бу йирик вазифа “миллий ўзига ҳос назарияси” каби ғоялардан келиб чиқадиган бўртирилган мақсад эмас; бундай ғоялар маълум жаҳон мактаблари доирасидан ташқарида туриб, мамлакат ёки минтақа тадқиқот учун ўзига ҳос, антиқа материал тақдим этиши мумкинлиги ҳақида тасаввурларни асослашга ҳаракат қилади. Гап ўзига ҳос ёки антиқалигида эмас, балки жаҳон фанининг ўзи доимо ривожланиши ва унда янги методологик ва концептуал йўналишлар пайдо булишида, шунинг учун Тошкент мактаби мазкур жараёнга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.

Бизнинг “Билим карвони” нодавлат нотижорат илмий муассасамиз ҳам кучли ақлий марказ бўлишга интилмоқда. “Bilim Karvoni”ННИМнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат: 1) ижтимоий фанлар (фалсафа, тарих, социология, политология, ҳуқуқ, халқаро муносабатлар, психология, экология ва бошқалар)ни ривожлантиришга, шунингдек, ижтимоий фанларнинг “Тошкент мактаби”ни яратишга ҳамда олимлар, таҳлилчилар, экпертлар ва давлат ҳодимларини тайёрлашга кўмаклашиш; 2) Ўзбекистон ва Марказий Осиё тўғрисида янги билимларни яратиш ва уларни дунёга тарқатиш ҳамда жаҳон фанининг илғор ютуқларини Марказий Осиё тадқиқотларига жалб қилиш; 3) демократик ривожланиш, фуқаролик жамиятини кучайтириш, ислоҳотларни олиб бориш ва тинчликни мустаҳкамлашга профессионал ҳисса қўшиш.

“Bilim Karvoni” ННИМ ўз фаолиятида таълим ва илмий тадқиқотларнинг замонавий инновацион услубларини қўллайди; назарий ва амалий тадқиқотларни баробар олиб боради. У давлат идоралари билан ҳамкорлик қилишга ва улар учун махсус таҳлилий материалларни (policy briefs) ишлаб чиқишга интилади.

Муассаса ўзининг Бахс клубига эга, у ерда мунтаззам равишда илмий семинарлар, учрашувлар, давра суҳбатлари олиб борилади. Бахс клубининг фаолияти шуни кўрсатмоқдаки, олимлар, таҳлилчилар, талабалар орасида кўплаб давлат ва жамият муаммоларини ўрганиш ва муҳокама қилишга фаол қизиқиш мавжуд.

Ўзбекистонда сиёсатшуносликни тиклаш ва ривожлантириш масаласига қайтсак, авваламбор шуни таъкидлаш жоизки, сиёсий фанлар ўзининг предмети, объекти ва тадқиқот методологиясига эгадир. Улар мафкуравий догмалар ва апологетикадан ҳоли бўлиши лерак. Академик эркинлик тамойили илмий ижодда ҳал қилувчи бўлмоғи лозим.

Глобаллашув ва ахборот-коммуникацион технологияларнинг тарқалиши илмий-изланиш ҳамда таълим жараёнларига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Шу нуқтаи назардан, сиёсий фанларни ўқитиш услубияти ҳамда тадқиқотлар олиб бориш услуб ва йўллари диалектик янгиланишни талаб этмоқда. Ўқитиш ва тадқиқ қилишни самарасини ва сифатини оширишга эришиш учун учта талаб муҳим аҳамият касб этади: 1) фундаментал тадқиқотларнинг академик базаси ва кўламини кенгайтириш; 2) мафкурасизлантириш ва танқидий ёндашув; 3) горизонтал ва вертикал интерактивлик.

Биринчи талаб, инновацион ишланмаларни киритиш, кўпайиб кетган умумий ва юзаки ишларни камайтириш, ўрганилаётган ижтимоий ва сиёсий воқеаларнинг чуқур қонуниятларини излаш заруратига эътибор қаратади. Иккинчи талаб, биздаги гуманитар фанларнинг барча тармоқларига ҳос бўлган жиддий муаммо билан боғлиқ, яъни: мафкурабозликка берилиб кетиш, сиёсий конюнктурага боғланиб қолиш, илмий ишларнинг расмий цитаталар билан ўта юкланганлиги, танқидий қарашдан қочиш ва олимнинг апологетик мақсади. Учинчи талаб икки жараённи ўз ичига олган: фан ва таълим орасидаги боғлиқлик ҳамда фан ва сиёсат орасида боғлиқлик. Бошқача айтсак, учинчи талаб бир томондан илмий тадқиқотлар ва таълимнинг синтези (горизонтал интерактивлик), бошқа томондан давлат қарорларини қабул қилиш даражасида илмий ишланмалар ва таҳлилларга бўлган эҳтиёжни (вертикал интерактивлик) англатади.

Ўзбекистонда сиёсий фанларни тиклаш ва ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида яқин келажакда сиёсатшуносларнинг республика конференциясини ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, илмий ишларни даврий нашрларда чоп этиш муаммосига эътибор қаратиш жоиз. Ҳусусан, Ўзбекистон Фанлар Акакдемияси томонидан нашр этиладиган “Ўзбекистонда ижтимоий фанлар” журнали фаолиятини кучайтириш масаласини муҳокама қилса бўлар эди.

Advocacy тизимини барпо этиш шарт, бу ижтимоий ва сиёсий муаммоларга оид янги ғоялар ва ечимларни хабар қилиш, узатиш, ҳимоя қилиш ва жорий этиш дегани. Бу ўз ичига, ҳусусан, олимлар, экспертлар ва таҳлилчилар томонидан манфаатдор давлат муассасалари, ҳокимият ва бошқарув органларига консультацион ва маърифатпарварлик хизматларини тақдим этишни қамраб олади.

Шунингдек, нафақат пойтахтда, балки Самарқанд, Фарғона, Урганч, Термиз етакчи университетларида тегишли сиёсатшунослик кафедраларини қайта очиш керак.

Сиёсий фанлар Уюшмасини қайта тузишга ҳам киришиш керак; бундай Уюшма 1990-йилларда ташкил этилган эди, аммо узоқ вақт ишлай олмади.

Шундай қилиб, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маданий ислоҳотлар … Ўзбекистон сиёсатшунослари ушбу ислоҳотлардан четда турмаслиги лозим, аксинча улар ўз жиддий тадқиқотларини олиб бориш, янги ғояларни илгари суриш, содир бўлаётган жараёнларни тушунтириш ва муаммоларнинг ечимини таклиф этиш орқали бу ислоҳотларнинг бир қисмига айланиши шарт. Уларнинг мамлакат ижтимоий ва сиёсий тизимини такомиллаштиришга қўшган малакали ҳиссаси сезиларли, фойдали ва қимматли бўлиши мумкин ва шарт.

Ўзбекистонда ўтган давр мобайнида сиёсатшуносларнинг янги авлоди ўсиб чиққанига қарамай, ҳанузгача бир қатор тадқиқот йўналишлари бўйича мутаҳассислар етишмайди, масалан: хитойшунослик, америкашунослик, россияшунослик, минтақашунослик (Марказий Осиё минтақаси бўйича), демократия назарияси, хавфсизлик назарияси, ташқи сиёсат, оммавий сиёсат (public policy), партология ва бошқалар. Шу пайтгача кўплаб (аксарият десак ҳам бўлади) бажарилган ишлар умумий, шарҳловчи, аттестация характерга эга бўлиб келди; улар таъбир жоиз бўлса маълум доирадаги (чегарадаги) ишлар эди. Энди янада чуқурроқ, янада конкретроқ, маҳсус мавзуларга мўлжалланган тадқиқотларни бажариш учун вақт келди.

Муаллифлар гуруҳи:

Фарход Толипов

Алишер Файзулаев

Алина Садовская

Элёр Усманов

Санжар Саидов

Зарина Лухманова

Назокат Касымова

Шухрат Ёвкочев

Зайнаб Мухаммад-Дост

Ойбек Махмудов

Абдулла Абдухалилов

Халида Ҳошимовна Қосимова

Лидия Петровна Ефимова

Сардор Салимов

Фарход Мирзабоев

Саидолимхон Газиев

[1] П.Диксон. США: фабрики интеллекта // «Диалог», №14, 1990.

[2] Алмонд Г. Политическая наука: история дисциплины. Полис. 1997. № 6. С. 175 – 183.

[3] Г.Б. Кочетков, В.Б. Супян. Ведущие «мозговые центры» США //  США и Канада: ЭПК, 2010, http://naukarus.com/veduschie-mozgovye-tsentry-ssha

[4] Ганиева М. «Совершенствование методов политических исследований» / Ўзбекистонда политология. – Тошкент: “Шарқ”. – 2002. – С. 28.