Bilim - tinchlik urug‘i
Ta’lim - tinchlik daraxti
Fan - tinchlik mevasi
 (99871) 256-43-22 |   office@uzbk.org

ЕОИИ тўғрисида иқтисодий таҳлилнинг соддалиги ва сиёсий таҳлилнинг тақчиллиги

Ушбу мақола мазкур масалага асосан сиёсатшунослик фани нуқтаи назардан ёндашилган ҳолда тайёрланган. Дарҳақиқат, сиёсий таҳлилсиз айрим иқтисодий қарашлар содда бўлиб кўриняпти, чунки тор иқтисодий таҳлил (турли рақамлар ва кўрсаткичлар орқали) баҳс-мунозараларни чалғитиб, аслида ўта мураккаб ва кўп ўлчамли воқеликни юзаки қарашлар ососида тасвирлашга олиб келиши мумкин.

Сиёсатшунослар иқтисодий таҳлилни сиёсий таҳлил билан параллел равишда олиб бориш керак деб ҳисоблайди. Чунки пироварди натижада ҳар қандай давлат функциялари билан боғлиқ йирик масала ўзининг у ёки бу сиёсий ечимини топади ва шу маънода у сиёсийлаштирилади.

Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига (ЕОИИ) кириш масаласи ҳам соф иқтисодий эмас, балки сиёсий ва, керак бўлса, геосиёсий масала ҳамдир. ЕОИИ ташкилотини нечоғли геосиёсий ўлчами мавжудлигини таҳлил қилишдан олдин айрим иқтисодий фикрларга баҳо берсак.

Яқинда телевидениенинг Халқаро Пресс клуби кўрсатувида шу мавзу муҳокама қилинди. Унда ЕОИИда Россия якка тарзда устувор бўлишини танқидий баҳолаганларга жавобан айрим иқтисодчилар Европа Иттифоқида (ЕИ) ҳам шундай ҳолат мавжуд дея, Германияни мисол қилиб кўрсатиб, ЕИ кучли интеграцион тузилма бўлиб қоляпти деб, менимча мутлақо нотўғри далил келтиришди. Биринчидан, ЕИда энг кучли иқтисодлар бир давлат эмас, балки бир нечта бир бирига салоҳияти яқин бўлган давлатлардир – бу Германия, Франция, Буюк Британия, Испания, Нидерландия каби давтларлардир (яъни гегемон йўқ), ва энг кучлиси, яъни Германиянинг улуши фақат 22% атрофида. ЕОИИда эса Россиянинг улуши 80%дан ортиқ. Иккинчидан, ЕИ доирасида бўлган ўзаро савдо иттифоқнинг ташқарисида бўлган савдога нисбатан анча кўпроқ (60%дан баланд), айнан шу мезон интеграцион бирлашмани мустаҳкам сақлаб туради. ЕОИИ доирасида эса мутлақо бошқача ҳолат. Биргина Россиянинг ташқи савдосида ЕИ биринчи ўринни эгаллайди. ЕОИИ макони бу давлат учун (гарчи у етакчи бўлса ҳам) ҳатто устувор ҳам эмас. Учинчидан, ЕИ бу сиёсий иттифоқ, унинг федератив аломатлари шаклланиб келмоқда,  ва шундай мақомда у нафақат ЕОИИдан кескин фарқ қилади, балки шу туфайли у кучли тузилмадир.

Мазкур телекўрсатувда айрим иқтисодчилар Польша каби Шарқий Европа мамлакатларини ЕИга киришини мисол қилиб, кичик ва бўш иқтисодга эга бўлган давлат ҳам ЕИга киришга интилган деб фикр билдирди. Тўғри, лекин улар шуни унутиб юборганки, Польша ва бошқа Шарқий Европа мамлакатларининг Европага киришига асосий сабаб бўлган омил иқтисодий эмас – сиёсийдир, яъни: Совет давлати қулаши арафасида, ва Шарқий Европа социалистик давлатларида “баҳмал инқилоблари” содир бўлиш натижасида бу давлатларнинг ягона мумкин бўлган танлови Европа эди.

Евроосиёга қайтсак. Иқтисодчиларнинг таъкидлашича, ЕОИИга кирсак, айрим монополист корхоналар ва бизнес ташкилотлар синади ва рақобат кучаяр эмиш: бу қандай қўпол капиталистик тафаккур ўзи? Агар монополистлар бўлса, наҳотки уларга фақат ташқи бозорга кириш орқали барҳам бериш мумкин бўлса? Ўзбекистон қонунчилиги шундоқ ҳам монополияларга қарши чораларни кўзда тутган эмасми, рақобатчилик шароитини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсати шу пайтгача олиб борилмадими? Ўзимизга шунчалик ишонмай қўйдикми бу масалада?

Агар савдо алмашинуви, инвестициялар келиши каби масалалар биз учун асосий мезон бўлса, унда Ўзбекистоннинг ташқи савдосида Хитой биринчи ўринда турибди ва ундан инвестициялар ҳам энг кўп келяпти десак, бундан Хитой билан бирлашайлик деган хулоса қилмаяпмиз-ку. Ҳўш, Россиянинг ташқи савдосида ЕОИИ мамлакатларининг улуши жуда кам, Россиянинг асосий савдо шериклари ЕОИИдан ташқарида, улар Европа Иттифоқи ва Хитой экан, унда РФ учун ЕОИИ нега керак, намунча у ушбу бирлашмани шиддат билан илгари сурмаса? ЕОИИ ўзи кимга кўпроқ керак? Кўриниб турибдики, мазкур масалани чуқур ўрганиш ва тушуниш учун кенг сиёсий таҳлилсиз тор иқтисодий таҳлилнинг ўзи етарли эмас.

Нима учун Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон каби мамлакатлари тажрибаси пухта ўрганилмаяпти? Ёки бу давлатларнинг Иттифоқдаги аъзолиги силлиқ кечяптими? Уларнинг бу ташкилотдаги эришган ютуқлари ва йўқотишлари қандай бўлди? Ваҳоланки, ушбу давлатларда оддий аҳоли орасида ҳамда экспертлар доирасида ва хатто айрим сиёсатчилар орасида бу аъзоликдан қониқмаганлар сони кам эмас. Охирги пайтда бу борада бир қатор мақолалар чоп этилди.

Кези келганда Озарбайжоннинг позициясини эслатиш ўринли деб ўйлайман. Озарбайжон Президенти Илхом Алиев ўзининг интервьюсида шундай деган: «Биз аслида ҳозирги ҳолатимизни қониқарли деб ҳисоблаймиз. Шунинг учун биз ҳали иттифоқдаги тенденцияларни кузатишимиз керак. Интеграция йўлидан бориш учун мотивация керак. У иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва бошқа бўлиши мумкин. Биз бу борада иш олиб боряпмиз. Агар бугун мамлакат ушбу иттифоққа кирса, у аслида ўз иқтисодий ва сиёсий суверенитетининг бир қисми билан бўлишишга мажбур бўлади”. Мана шу интервью биз учун учта мухим фикр билан кўзга ташланади: шошилмаслик ва кузатиш; интеграциянинг нафақат иқтисодий, балки сиёсий ва бошқа ўлчамлари борлиги; суверенитетнинг бир қисмидан воз кечиш.

Масалани янада кенгроқ ёйиб ўргансак, унинг халқаро ва геосиёсий жиҳатлари ҳам борлигини инкор этолмаймиз. ЕОИИда устувор бўлган Россиянинг халқаро аҳволи жуда мураккаб. Маълумки, у иқтисодий ва сиёсий санкциялар остида турибди. Санкциялар эса ҳам унинг ўз иқтисодига, ҳам у билан савдо ва иқтисодий ҳамкорлик қилаётган давлатларга (шу жумладан ЕОИИ доирасида) салбий таъсир қилмай қолмайди. Шу нуқтаи назардан, санкциялар тугасин, кейин кўрамиз, деган ёндашув ҳам мантиқдан ҳоли эмас. Ҳар қандай интеграцион тузилма, агар у буюк давлат етакчилигида ва устуворлигида илгари сурилса, албатта унинг буюклиги боис бу ҳаракатлар турли геосиёсий тасаввурлар ва реакцияларни уйғотиши табиий. Бежиз эмаски, Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириш эҳтимоли ҳақида гаплар авж ола бошлаганда АҚШнинг мутасадди вакили ушбу жараённи салбий баҳолади.

Масалага ҳолисона ёндашсак, улкан давлат бошчилигида (етакчилигида, устуворлигида) тузилаётган бирлашма доирасидаги муносабатларда ушбу давлатга нисбатан содиқлик муҳити шаклланишини эътироф этиш керак. Бу Россияга содиқлик (ёки мойиллик) яхши ёки ёмон дегани эмас. Бироқ, замонавий жаҳон тизими жуда мураккаб, ўзгарувчан бўлиб, унда янги жаҳон тартиботи шаклланиб бормоқда. Ўзбекистон каби ёш мустақил давлат мазкур тизимда ўзининг миллий манфаатларини тўғри англаши керак ва ташқи сиёсий ҳаракатларини муайян диверсификация тамойили асосида олиб бориши мақсадга мувофиқдир. Глобал миқёсда улкан давлатлар орасида кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар шароитида Ўзбекистон улардан бирига содиқлик билдирса қанчалик тўғри бўларкин? Аслида РФ ва ЎзР орасида жуда яхши, икки томонлама дўстона муносабатлар ўрнатилган. Бу икки давлат, 2004-2005-йилларда имзолаган битимларга кўра, стратегик шерик ва иттифоқдош ҳисобланади.

Аммо, айнан шундай стратегик шартномалар, масалан, ЎзР ва АҚШ орасида ҳам имзоланган. Шунинг учун, икки томонлама муносабатларни кўп топонлама (ЕОИИ) муносабатлардан ажратиш лозим. ЕОИИга келсак, барча аъзолар учун унинг стратегик жозибадорлиги ягона улкан давлат соясида бир хил кўринмайди. Демак, икки томонлама ҳамкорликни давом эттириб, кўп томонлама ташкилотга аъзо бўлишга шошилмаслик керак.

Сиёсатшунослик фанида шундай қонуният ҳам мавжуд: ҳар қанақа иқтисодий интеграцияга киришган давлатлар орасида табиий равишда “хавфсизлик ҳамжамияти” деган муҳит пайдо бўлади. Бу нима дегани? Гап шундаки, интеграцион бирлашма доирасида умумий хавфсизлик манфаатлари шаклланади. Европа Иттифоқи, АСЕАН бирлашмаларидаги жараёнлар ушбу қонуниятни тасдиқламоқда ва Евроосиёдаги жараёнлар ҳам бундан истисно бўлмайди. Бежиз эмаски, ЕОИИдан олдин 2001-2014-йил давр давомида амал қилган ЕврАзЭС ташкилотига аъзо давлатлар бир вақтнинг ўзида Жамоа Хавфсизлик Битим Ташкилотига (русча ОДКБ) аъзо бўлган. Маълумки, 2006-йилда Ўзбекистон ЕврАзЭСга ва ОДКБга деярли бир вақтнинг ўзида кирган. 2008-йилда эса Ўзбекистон ЕврАзЭСдан чиқади ва 2012-йилда ОДКБдан ҳам чиқади. Бу фактларнинг сабоқли жиҳатларини унутмаслик керак. Эслатиш жоиз, Ўзбекистоннинг ОДКБга ўхшаган ҳарбий блокларда иштирок этмаслик тамойили давлатнинг Ташқи сиёсий концецпияси ва Миллий хавфсизлик концепциясида муҳрланган. Тўғри, хозир ОДКБга кириш масаласи умуман кўрилмаяпти, аммо юқорида айтганимдек “хавфсизлик ҳамжамияти” иқтисодий ҳамжамиятнинг маҳсули бўлиши муқаррардир.

Ниҳоят, ўзимизнинг минтақага, яъни Марказий Осиёга қайтсак.

Шу пайтгача Марказий Осиё (МО) интеграцияси нима учун амалга ошмайди деганда айрим таҳлилчилар МО мамлакатларининг иқисодий ва сиёсий тизимлари ҳар хил деб таъкидлаб келишди. Улар энди ЕОИИга киришни тарғиб қиляпти. Ҳўш, шундай экан, ўз минтақасида гўё бирлаша олмайдиган мамлакатлар қандай қилиб ундан-да йирикроқ ва мураккаброқ кўламда бирлаша оларкан? Аҳир Россия ва бошқа ЕОИИ мамлакатларининг (МОни ҳам қўшганда) иқтисодий ва сиёсий тизимларининг ҳар хиллиги янада кенгроқ ва кескинроқ кўринади-ку?

Қолаверса, агар МО мамлакатлари ЕОИИ доирасида эркин савдо, ягона бозор каби ютуқларга эришса, унда нега айнан шу ютуқларга ўз минтақасида шу пайтгача эришмаган? Аҳир ЕОИИга бутун минтақа кирса, унда бари бир ўша ягона бозор ва эркин савдо маконининг бир бўлаги бўлар экан-ку. Балки аввало Марказий Осиё бешта мамлакатлари ўз маконида бирлашишга қодир эканлигини намойиш этган ҳолда ва бир кучга айланган ҳолда, сўнг йирикроқ бирлашма тўғрисида ўйласа маъқул бўлар? Чунки ҳар қандай иқтисодий интеграцион тузилма, юқорида таъкидланганидек, сиёсий тузилма, ЕОИИ эса хатто геосиёсий тузилма ҳамдир. Бошқача айтганда, йирик иттифоққа киришдан олдин Марказий Осиё мамлакатлари ўзининг иттифоқини барпо этиши стратегик аҳамият касб этади.

Бир таҳлилчи яқинда Россия томони ЕОИИда кўпинча бир томонлама қарорлар қабул қилиб, айрим қоидаларни бузганлигига эътибор қаратиб, шундай фикр билдирди: “Россия каби давлат ўз манфаатлари йўлида баъзан ЕОИИ қоидаларини бузган тақдирда ҳам, Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари иттифоққа қўшилса, ташкилот ичидаги Марказий Осиё давлатларининг вазни ортади ва аъзо давлатларнинг қоидабузарлигини камайтириш мумкин бўлади”. Мен бу фикрни бироз тўғрилаган ҳолда шундай деган бўлардим: бу ҳолда МО давлатларининг вазни ортмайди, аксинча камаяди, чунки улар бу ташкилотга олдин ўзининг иттифоқини тузмасдан туриб қўшилган бўлади. Яъни, бошқача айтганда, улар олдин ўзининг хатто 1991-йилда ўзлари эълон қилган интеграцион бирлашмасини тузишга ожиз бўлиб, энди эса буюк давлат соясида бирлашган бўлиб кўринади.

Шунинг учун Ўзбекистон бошқа Марказий Осиё мамлакатлари билан аввало ўз минтақавий бирлашмасини тиклашни устувор вазифа деб белгилаши лозим. Бу вазифа аниқ, Ўзбекистоннинг ҳаётий манфаатига жавоб берувчи энг биринчи вазифадир. Қолаверса, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёни Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида устувор йўналиш деб белгилаган.

Шу ўринда бугун энг долзарб вазифа бу узоқ кутилган МО давлатлари раҳбарларининг навбатдаги учрашувини ўтказишдан иборат. Балки мана шу учрашувда улар агар бошқа масалалар қаторида айнан ЕОИИга нисбатан умумий муносабатларини ишлаб чиқса, бугунги кунда энг катта ютуқ шу бўлар эди. Агар Ўзбекистон ЕОИИга кирса, Россия “бир ўқ билан иккита қуённи ўлдирган” бўлади, чунки Ўзбекистонни кўрган Тожикистон хам ўзини ёлғизланиб қолган деб ҳис этган ҳолда, узоқ ўйламасдан Иттифоққа аъзо бўлишга қарор қилади.

МО мамлакатлари ўз мустақиллигига эришган кундан бери ўтган сал кам 30 йил давомида минтақавий интеграцион лойиҳани амалга ошириш йўлида кўп ва жиддий ҳаракат қилишди. Бу йўлда йирик муваффақиятлар ҳам бўлди, сустлашиш, тўхташ ва йирик муаммолар ҳам бўлди. Лекин энг ноҳуш дамларда ҳам бу ўлка ягона минтақа сифатида доим ўзини эслатиб турди ва турли салбий тенденциялар минтақа ривожининг ички қонуниятлари туфайли босилиб ва бартараф этилиб келди. 2018-йил март ойида 10 йилдан ортиқ танаффусдан сўнг МО раҳбарлари яна ўз учрашувларини тиклади. Демак, Марказий Осиё бор, бу соҳта тушунча эмас, айримлар ўйлагандек. Биз хозир сиёсий иродани, иқтисодий салоҳиятимизни, маънавий кучимизни, мамлакатимизнинг тарихий обрўсини, вақтимизни МОга кўпроқ бағишласак, аминманки, бу энг тўғри стратегик танлов бўлар эди.